1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

1 - 6-7. «...ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас»

23:51 / 22.03.2017 4160 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  صِرَاطَ الَّذِينَ أَنعَمتَ عَلَيهِمْ غَيرِ المَغضُوبِ عَلَيهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ ۝

 6-7. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига: ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас.

«Ўзинг неъмат берганлар»дан мурод пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалардир.

«Ғазабга дучор бўлганлар»дан мурод яҳудийлардир.

Яҳудийларнинг ғазабга дучор бўлишларининг сабаблари кўп, жумладан, уларнинг анбиёларни ўлдиришлари, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилмасликлари ва ҳоказолар. Лекин уларнинг Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлишларининг энг катта сабаби – билганларига амал қилмасликлари. Аллоҳ уларга илм берган, улар эса била туриб, илмга амал қилмаганлар. Демак, мусулмонлар яҳудийлар йўл қўйган хатони такрорламасликлари керак.

«Адашганлар»дан мурод насронийлардир.

Насронийларнинг «адашганлар» бўлишларининг ҳам бир қанча сабаблари бор. Энг асосийси, улар мақсадга эришиш йўлида Аллоҳ кўрсатган йўлни эмас, ўзлари топган йўлни танлаганлар, яъни Ийсо алайҳиссалом олдиларида ўзларини айбдор деб билиб, уни рози қиламиз деб, Аллоҳ айтмаган ибодатларни ва ишларни, ақийдаларни ўзларича жорий қилганлар. Бу ҳам нотўғри йўлдир. Демак, оятнинг маъноси: «Аллоҳим, бизни ўтган анбиёю авлиё, азизларнинг йўлидан бошлагин, яҳудий ва насронийлар йўлидан бошламагин», деганидир.

Бу суранинг оятлари оз бўлишига қарамай, улкан маъноларни ўз ичига олган, шунинг учун ҳам у «Уммул Қуръон» – «Қуръоннинг онаси» деб номланади. Унда Аллоҳ таолога мақтов, Унинг сифатлари, Аллоҳ таолонинг қиёмат куни эгаси экани, ибодат, ихлос, дуо, ёлвориш, яхши умматларнинг зикри ва ёмон йўлдан юрганларнинг оқибати нима бўлганлиги зикр қилинади.

Шунинг учун ҳам намознинг ҳар бир ракъатида Фотиҳа сурасини ўқишга буюрилган, у такрор-такрор ўқиб турилади. Ўқиганда маъносини тадаббур, яъни мулоҳаза қилиб ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Буюк ватандошимиз имом Насаий машҳур саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда (Ҳадиси қудсий – оят билан ҳадис ўртасидаги мартабага эга ривоятдир. Унинг маъноси ва лафзи Аллоҳ тарафидан бўлади, лекин ожиз қолдириш, мўъжизалик хусусияти йўқ) Аллоҳ таоло айтади:

«Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман».

Агар у (банда): «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин», – деса,

Аллоҳ: «Бандам менга ҳамд – шукр айтди», – дейди.

Банда: «Ар-Роҳманир Роҳийм», – деса,

Аллоҳ: «Бандам менга сано – мақтов айтди», – дейди.

Банда: «Малики явмиддин», – деса,

Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», – дейди.

Банда: «Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн», – деса,

Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», – дейди.

Агар банда: «Иҳдинас сиротол мустақим, сиротоллазийна анъамта аълайҳим ғойрил мағдуби аълайҳим валад дооллийн», – деса,

Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», – дейди.

(Фотиҳа сураси, 6-7-оят)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана ўшалар залолатни ҳидоятга сотиб олганлардир. Бас, тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. Бақара 16. Ушбу оятда Аллоҳ таоло давоми...

4722 12:37 / 10.07.2017
Қўллари тақдим қилган нарсалар туфайли уни ҳеч қачон орзу қилмаслар. Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир. Бақара 95.Оятдаги .қўллари тақдим қилган нарсалар, давоми...

4160 08:10 / 21.10.2017
Агар сиз иймон келтирганга ўхшаш иймон келтирсалар, батаҳқиқ, ҳидоят топибдилар. Ва агар юз ўгирсалар, демак, улар фақатгина ашаддий мухолифликдадирлар. Аллоҳ давоми...

5093 07:10 / 04.12.2017
Албатта, иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган, намозни тўкис адо этиб, закотни берганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам давоми...

6061 11:04 / 21.06.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021