1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Биринчи ташаҳҳуд ва намозда ўтириш ҳолати

05:00 / 09.01.2017 8665 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир ва «Алҳамдулиллаҳи Роббил оламийн»ни қироат қилиш билан очар эдилар.
Қачон рукуъ қилсалар, бошларини кўтариб ҳам, пастга тушириб ҳам юбормас, лекин ўртача тутар эдилар.
Қачон бошларини рукуъдан кўтарсалар, ғоз туриб олмагунларича сажда қилмас эдилар.
Қачон саждадан бошларини кўтарсалар, яхшилаб ўтириб олмагунларича яна сажда қилмас эдилар. ҳар икки ракатда «Ат-таҳийяту» ўқир эдилар.
Қачон ўтирсалар, чап оёқларига ўтирар ва ўнг оёқларини тик тутар эдилар. Шайтоннинг ақибидан ва йиртқичнинг ястанишидан наҳий қилар эдилар. Намозни салом бериш билан тамом қилар эдилар
». 

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги кўп маънолар олдинги ҳадислардан ўрганилгани учун такрорлаб ўтирмаймиз. Фақат ўрганилмаган нуқталарга эътибор берамиз.

1. «ҳар икки ракатда «Ат-таҳияту» ўқир эдилар». 

Яъни, ўтириб ташаҳҳуд ўқир эдилар. Агар намоз икки ракатли бўлса, шу билан тамом бўлар эди. Тўрт ракатли бўлса ёки уч ракатли бўлса, бу биринчи ўтириш ҳисобланиб учинчи ёки тўртинчи ракатдан кейин охирги ўтиришга яна ўтириб, яна ташаҳҳуд ўқилади ва салом берилади.

2. «Шайтоннинг ақиби»дан наҳий қилар эдилар. Яъни, бироз аввал васф қилинган «ит ўтиришдан» қайтарар эдилар.

3. «Йиртқичнинг ястаниши»дан наҳий қилар эдилар». 

Бу саждада бўлиб, ҳам кафтини, ҳам чиғаноғини ерга қўйиб, билагига суяниб туриш. Буни ҳам олдин ўрганганмиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозда ўтирсалар, ўнг кафтларини ўнг сонларига қўяр, панжаларини тугиб бош бормоқ ёнидаги бармоқлари билан ишора қилар эдилар. Чап кафтларини чап сонларига қўяр эдилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

«Сунан» эгалари ривоятида: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон аввалги икки ракатда ўтирсалар, худди қизиган тошларнинг устида ўтиргандек ўтирар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ташаҳҳудда қандай ўтириш ҳақида сўз бормоқда.

1. Ташаҳҳудда ўтирганда ўнг кафтни ўнг сонга, чап кафтни чап сонга қўйиб, панжаларни қиблага қаратиб ўтирилади.

2. Панжаларни тугиб, кўрсатгич-бармоқ ила ишора қилинади. 

Бу бармоқ арабчада «саббоба» дейилади. Шунинг учун ташаҳҳудда қилинадиган ишорани ҳам «ишораи саббоба» дейилади. 

«Ишораи саббоба» ташаҳҳудда «Ашҳаду алла илаҳа» деганда «Ла»ни айтаётганда кўрсатгич бармоқни юқорига кўтариш билан бўлади. Ўша бармоқни кўтаришда бошқа бармоқлар йиғиб олинади. 

Баъзилар ушбу ривоятдаги «панжаларини тугиб», деганини ташаҳҳудга ўтиришда тугиб ўтиради, деб тушунганлар. Шунинг учун аввалдан қўлларини муштга ўхшатиб ўтиришади ва «Ла»га келганда кўрсатгич бармоқларини юқорига кўтаришади.

«Саббоба» сўкиш деганидир. Бинобарин, «ишораи саббоба» - сўкиш ишораси бўлади. 

Ташаҳҳудда «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу»нинг «Ла»сида кўрсатгич бармоқни кўтариш шайтонни сўкиш, уни темир қамчи билан уришдек бўлади. Ишорани қилгандан сўнг, намоз тамом бўлгунча ўша бармоққа қараб турилади.

3. Биринчи ташаҳҳудда ўтирганда худди қизиган тошда ўтиргандек ўтирилади. Яъни, ташаҳҳудни ўқиш билан дарҳол туриш тушунтирилади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки, азонни эшитсангиз муаззин айтаётган нарсани айтинглар,, дедилар,. давоми...

6330 05:00 / 04.01.2017
Бир йигит айтади .Отам олти ёш бўлганимда вафод этдилар. Отам раҳматлини масжидга бўлган меҳрлари ўзгача эди. Масжидни қуришни, таъмирлашни ва у ерда намоз ўқишни давоми...

4413 16:00 / 17.10.2021
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, давоми...

71212 05:00 / 04.01.2017
Ҳамма нарса намозга чорловчи азондан бошланган бўлиши керак. Азон товушидан мафтун бўлган беш ёшли болакайни узоқ давом этган замон ва макон саёҳатидан кейин давоми...

7086 16:15 / 01.06.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021