1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Амалларда сон эмас, сифат муҳим!

17:00 / 10.03.2019 4630 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барчамизга маълумки, намоз улуғ ибодатлардан бўлиб, бу ибодатни бажариш орқали банда кўп ажр-мукофотларга эришади. Бундан ташқари, ҳадисларда баъзи нарсалар ҳақида хабар берилган бўлиб, улар намознинг савоби янада кўпайишига сабаб бўлади. Қуйида шу ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Жамоат намози

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жамоат намози ёлғиз ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти баробар афзал” (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ривоятда банда таҳоратни мукаммал тарзда бажариб, намозни хушуъ билан адо этсагина бу фазилатга эришиши айтилган.

Демак, намозни жамоат билан ўқиш уйда ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража устун экан. Қайси банда кўпроқ савобга эришишни хоҳласа, масжидларга қатнаб, жамоат билан намоз ўқиши керак.

Намоздан аввал мисвок ишлатиш

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мисвок билан (ўқилган) намоз мисвоксиз (ўқилган) намоздан етмиш даража афзал” (Аҳмад, Дорақутний, Баззор, Абу Яъло, Ибн Хузайма “Саҳиҳ”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ва: “Бу ҳадис Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Мисвок билан икки ракаат намоз ўқишим мен учун мисвоксиз етмиш ракаат намоз ўқишимдан севимлироқдир” (Абу Нуайм “Китабу сивак”да жаййид санад билан ривоят қилган).

Шу маънода Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мисвок билан (ўқилган) икки ракаат (намоз) мисвоксиз (ўқилган) етмиш ракаат (намоз)дан афзалдир”, деганлар” (Баззор ва Абу Нуайм ҳасан санад билан ривоят қилган).

Салла ўраб намоз ўқиш

Жобир розияллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Салла билан ўқилган икки ракаат намоз салласиз ўқилган етмиш ракъат намоздан яхшироқдир” (Дайламий ривояти).

Бошқа ривоятда “салла билан ўқилган намоз йигирма беш (маҳал ёки ракаат) намозга тенг, салла билан ўқилган жума эса етмиш жумага тенг” дейилган. Муҳаддис уламолар шу маънода айтилган ҳадисларнинг, хусусан юқоридаги икки ҳадиснинг санади мавзуълигини айтиб ўтишган. Аммо намозда салла ўраш ҳақида бошқа саҳиҳ ҳадислар бор. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, бошяланг ўқилган намоздан кўра бош кийим билан ўқилгани, шубҳасиз, афзал. Салла эса намозда кийиладиган бош кийимларнинг энг афзалидир. Хуллас, намозни бош кийим билан ўқиш банда оладиган савобнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Намозни хушуъ ва хузуъ билан ўқиш

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Албатта киши (намоздан) турганида, унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири, ярми ёзилади” (Абу Довуд, Аҳмад, Насоий “ас-Сунанул кубро”да, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да, Байҳақий “ас-Сунанул кубро”да ва Абу Яъло “Муснад”да ривоят қилган. Мунзирий: “Ҳадис ровийлари силсиласида Умар ибн Савбон бор. Унинг ривоятидан ҳужжат олинмайди”, деган. Бироқ Албоний ҳадис санади ҳасан, деган).

Амалларда сон эмас, сифат муҳим. Сонга эътибор бериб, сифатни ёддан чиқариш билан банда қилган амаллари учун оладиган ажр-савобдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Жумладан, намозда ракъатлар сонини кўпайтириш ёки намозни тезроқ ўқиб олишни ўйламаслик лозим, балки уни рисоладагидек, хушуъ ва хузуъ билан амалга оширишга ҳаракат қилиш талаб этилади. Шунда намоз учун оладиган савобларимиз кўпаяди ва ўқиган намозимиз, қиладиган бошқа ибодатларимиз Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади.

Одилхон Исмоил

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Абулфараж айтади .Рамазон ойида менга таом тайёрлайдиган хизматкор керак бўлиб қолди. Бозорда ранги сўлғин, озғин ва нимжон бир жорияни кўрдим. Унга давоми...

3339 09:00 / 17.10.2020
5. Рамазонда шайтонлар кишанланади. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда .Унда бебош шайтонлар кишанланади,, дейилган.6. Рамазонда жаннат эшиклари очилади ва дўзах давоми...

2698 10:04 / 24.04.2020
Абдулмажид ибн Абдулазиз ибн Абу Рувод отасидан ривоят қилади .Нофеъ розияллоҳу анҳу ўлими яқинлашганини сезиб, йиғлай бошлади. Нима учун йиғлаётганини сўрашган давоми...

3971 08:00 / 07.02.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй,, деган .Кавсар, сураси, давоми...

3902 09:00 / 15.07.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021