1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Қалб қўриғи

11:26 / 27.03.2017 3192 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яхши ишлар ёлғиз бўлмаганидек, эгри-гуноҳ ишлар ҳам ёлғиз эмас, улар ёнларида "шерик"лари билан юради. Бири иккинчисини тақозо қилиб келаверади. Яхшиликка интилиб яшаган нафсга Аллоҳ таоло яхшилик қилишни осон этади ва, аксинча, ёмонликни хуш курган нафсга яхшилик қилишни оғирлаштириб қўяди. Ёмонликка ўрганган нафс озиб-ёзиб бир яхшилик қилгиси келиб қолганда ҳам, амалга ошириши қийин кечади. Яхши амаллар қалбга сайқал беради, гуноҳлар эса, қорайтиради.




Бақара сурасининг аввалида Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида: "Куфр йўлини тутган кимсалар эса, хоҳ (Аллоҳнинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга барибир, иймон келтирмайдилар", дея хабар берар экан, уларнинг куфри сабабини шундай изоҳлайди: "Аллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса, парда қоплаб олган" (7-оят).


Дарҳақиқат, Оллоҳ кимнинг пешонасига бадбахтлик ёзган бўлса, унга саодат, кимни адаштириб қўйган бўлса, Уни тўғри йўлга солувчи йўқ. Ва кимни тўғри йўлга йўллаб қўйган бўлса, адаштирувчи йўқ. Инсонларнинг бундай ҳолатларда бўлиши Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ила амалга ошса-да, сабабчи, аслида, бандаларнинг ўзларидир. Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди, қалбини муҳрлаб қўйиб, кейин куфри учун жазоламайди. Уларнинг куфрига Аллоҳнинг тақдири рўкач қилинмайди, балки сабабчи кофир бандаларнинг ўзларидир. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Гуноҳлар қалбга қаттиқ ўрнашса, уни ўраб олади, бориб-бориб қалбга ёпишиб кетади. Бу ҳол қалбнинг муҳрланганидир". Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ Мужоҳиднинг яна бундай деганини ривоят қилган: "Мужоҳид қўлини кўрсатиб: "Қалб очиқ турган кафтга ўхшайди. Банда бир гуноҳ қилса, қалб бундай ёпилади", деб битта бармоғини ёпди. "Яна гуноҳ қилса, яна ёпилади", деб иккинчи бармоғини ёпди. Шундай қилиб, барча бармоқларини ёпиб кўрсатди ва: "Бу ҳол унинг муҳрлаб қўйилганидир", деди”.


Шу маънода бир қанча оятлар нозил бўлган: "Бас, қачонки улар (ҳақ йўлдан) оғишгач, Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди" (Саф сураси, 5-оят); "Балки куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг дилларини муҳрлаб қўйгандир" (Нисо сураси, 155-оят); "Йўқ! Балки уларнинг қалбларини ўзлари касб қилган гуноҳлари қоплаб олган" (Мутаффифин, 14).

Ҳузайфа ибн Ямон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: "Набий алайҳиссалом айтдилар: "Қалблар фитнага бир-бир рўпара қилинади. Қайси қалб уларни қабул қилса, унга битта қора доғ тушади, қайси қалб инкор этса, оқ доғ тушади. Охири қалблар икки хил бўлиб қолади: бири Сафо сингари оппоқ бўлиб, еру осмонлар бор экан, унга фитна зарар қилмайди. Иккинчиси қоп-қора бўлиб, бундай қалб эгаси яхшиликни билмайди, ёмонликдан қайтмайди" (Бухорий ривояти).


Юқорида келган оят-хабарлар асосан кофирлар хусусида айтилган бўлса-да, унда мўминлар учун ҳам катта огоҳлик бордир. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом қўрқитган нарсадан қўрқмасликда, қайтарган нарсадан қайгмасликда куфрнинг белгиси яширин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай огоҳлантирганлар: "Мўмин киши бир гуноҳни қилса, қалбига битта қора нуқта тушади, агар тавба қилса, ўчади, пушаймон бўлса, қалби сайқалланади. Мабодо, гуноҳни кўпайтирса, қора нуқга ҳам кўпаяди, ҳатто бориб-бориб, қалбини бутунлай эгаллаб олади. Бу ҳол Аллоҳ таолонинг: "Йўқ! Балки уларнинг қалбларини ўзлари касб қилган гуноҳлари қоплаб олган" (Мутаффифин, 14), дегани кабидир!" (Термизий ривояти). Ибн Жарирнинг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Гуноҳлар кетма-кет бўлиб кетса, қалбни қулфлаб қўяди. Қалб қулфланган пайтда, Аллоҳ таоло тарафидан муҳр келади ва уни муҳрлайди. Қулфланган, муҳрланган қалбга иймон киролмайди, ичидаги куфр чиқиб кетолмайди", деганлар.


Уламоларимиз муҳрланган қалбга иймон кирмаслигини, фақат Оллоҳнинг ўзи у муҳрни бузсагина, ҳидоят кириши мумкинлигини таъкидлашган.


Ушбу хабарлар аллома Ибн Касирнинг тафсирларида Бақара сурасининг кофирлар ҳақидаги 6—7-оятлари шарҳида келтирилган. Аммо, кўриб турганингиздек, аксари биз мўминларга тегишли. Чунки гуноҳлардан тап тортмаслик ҳидоятга очиқ қалбни ёпади, мулойимини қотиради, сўнг бориб-бориб, иймон киролмайдиган қилиб қўяди, Аллоҳ сақласин.


Абдуғфур Искандар



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар Сизни нима йиғлатди, эй Аллоҳнинг Расулиrdquo деб сўрашди. У зот Бирордарларимни давоми...

4990 11:27 / 27.03.2017
Қуйидаги сатрларда Фейсбук ижтимоий тармоғида нашр қилинган қисқа ҳикматлар берилган.8 та энг оғир ҳолатлар 1. Бир шахсга қаттиқ ўрганиб қолсангу, тўсатдан унинг давоми...

3859 16:41 / 27.03.2017
.Ислoм, сўзининг мaънoси Aллoҳгa бўйсуниш, итoaт қилишни билдириб, унинг ўзaги тинчлик, сулҳ мaънoсидaн oлингaн. Aллoҳ тaoлo ислoм аҳкомларини нoзил қилиш билaн бирга давоми...

3296 17:16 / 27.03.2017
Динимизда илм ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримнинг дастлабки нозил қилинган оятлари ўқишга амр қилиш билан бошланган. Ҳадиси шарифларда ҳам давоми...

4264 15:17 / 22.04.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021