1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ҳақиқий бахт

15:12 / 22.04.2017 3163 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу бўлган воқеани менга устозим ҳикоя қилиб бергандилар. 2013 йилнинг ёзида устозимизнинг Исҳоқжон исмли шогирдлари ўз оналарини даволатиш мақсадида Наманган шаҳридаги шифохоналардан бирига ётқизадилар. Оналари шифохонанинг икки кишилик даволаш хонасига жойлашадилар. У кишининг шериклари вилоятнинг чекка туманларидан келган кекса бир аёл бўлади. Исҳоқжоннинг оналари тақволи, художўй аёл эдилар. Шериклари эса кун бўйи “Даракчи”, “Бекажон”, “7х7” каби газеталарни ўқиб, вақтини ўтказарди. Бир хонада ётиш асносида бир-бирлари билан қалинлашиб, дугона бўлиб қолишади. Икковлон даволаниб ётган кунларнинг бирида Исҳоқжоннинг оналари шериклари – тумандан келган кекса аёлдан “Калимангизни биласизми дугонажон?” деб сўрайдилар. У аёл “Йўқ” деб жавоб беради. Бу гапни эшитган Исҳоқжоннинг оналари эса “Вой бечора, сизга қандай ёрдам берсам экан-а?!” деб куйинадилар. Бир оз ўйланиб ётганларидан кейин ҳалиги туманлик аёлга “Келинг, иккаламиз биргаликда калима айтамиз. Баҳонада сиз ҳам ўрганиб оласиз” дейдилар. У аёлга бу таклиф маъқул келиб, икки дугона биргаликда калима айтишга тушиб кетишади: “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳу...” Калимасини илк бор айтган туманлик аёлнинг қўлидан газетаси тушиб кетади. Исҳоқжоннинг оналари қарасалар у аёл жим бўлиб қолибди. Дарҳол ҳамшираларни чақирадилар. Бироқ меҳрибон Аллоҳ таоло ўша аёлнинг охирги сўзи шаҳодат калимаси бўлишига Исҳоқжоннинг оналарини сабабчи қилиб бўлган эди. У аёл ўша калимани айтиши биланоқ бу дунё билан осонгина хайрлашиб, охиратга йўл олган эди. Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло ўша бандасининг охирги сўзи шаҳодат калимаси бўлишини ирода қилгани учун ҳам ўзининг туманидаги шифохоналарда даволанмай шаҳарга келишни, келганда ҳам Исҳоқжоннинг онларидек тақволи, солиҳа аёл билан бирга ётишни насиб қилди. Иккала аёл ҳам том маънода ҳақиқий бахтга эришган эдилар. Бирлари шаҳодат калимасини айтиб жон берган бўлса, иккинчилари ўша шаҳодат калимасининг айтилишига бевосита сабабчи бўлган эдилар. У аёл вафот этганидан сўнг орадан бир неча ой ўтиб, Исҳоқжоннинг оналари ҳам беморликлари сабабли бу дунёни тарк этдилар. Аллоҳ таоло икковларини ҳам раҳматига ғарқ этиб, охиратда улкан мукофотлар билан сийласин. У зот барчамизга чиройли хотима насиб этсин. Сўнгги нафасимизда тилимизга шаҳодат калимаси келишини осон қилсин, омин!  



Устознинг ҳикояларини оққа кўчирувчи 

Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёкибировнинг хариди устига харид қилишнинг ҳаромлиги Динимиз муҳаббат, бирдамлик ва тинчлик дини бўлиб, жамият вакиллари давоми...

4470 21:49 / 21.04.2017
Тинчликнинг энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг давоми...

3857 15:13 / 22.04.2017
...Тўйларимиз таърифга муҳтож эмас. Дастурхонга оқсариқ сақичларгача етиб келаяпти. Яқинда овқатни ҳазм қиладиган дорилар, бўкиб қолганни даволайдиган давоми...

8484 09:14 / 24.03.2017
Али Тонтовий1959 йилда Дамашқ радиосида қилган нутқим Ҳурматли тингловчилар Албатта, деҳқончиликнинг ҳам, тижоратнинг ҳам ва илм олишнинг ҳам ўз мавсуми бор. Агар давоми...

3189 10:17 / 27.03.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021