1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

2 - 3. Улар ғайбга иймон келтирадиган, намозни тўкис адо этадиган

02:53 / 23.04.2017 3879 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ۝

Бақара 3. Улар ғайбга иймон келтирадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалар­дан нафақа қиладиганлардир.

Ушбу оятда Қуръон ҳидоятидан баҳраманд бўла оладиган тақводорларнинг сифатларидан учтаси саналган:

Биринчиси – «ғайбга иймон келтирадиган».

Абул Олия ғайбга иймон келтиришнинг тафсирида: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, жаннатига, дўзахига, мулоқотига, ўлимдан кейинги ҳаётга ва қайта тирилишга ишонишдир», – деган эканлар.

Имом Ҳоким Амр ибн Шуъайбдан ривоят қиладилар:

«Бир куни Набий алайҳиссалом саҳобаи киромларига:

– Сизнингча, кимнинг иймони ажойиб? – дедилар. Саҳобалар:

– Фаришталарники, – дейишди. У зот:

– Улар Роббларининг олдида туриб, иймон келтирмасалар, қандай бўлади? – дедилар. Саҳобалар:

– Пайғамбарларники, – дейишди. Набий алайҳиссалом:

– Уларга ваҳий тушиб туриб, иймонга келмасалар, қандай бўлади? – дедилар. Саҳобалар:

– Бизники, – дейишди. У зоти бобаракот:

– Мен ораларингизда туриб, иймон келтирмасаларингиз, қандай бўлади? – деб туриб, сўнгра ўзлари жавоб қилдилар:

– Мен учун халойиқнинг ичида иймони ажойиби сизлардан кейин саҳифалардаги Китобга иймон келтирган қавмлардир, – дедилар».

Ҳақиқатан, инсон ғайбга иймон келтириш билан ҳайвондан ажралиб туради. Чунки ҳис қилиш аъзолари ёрдамида уларга моддий таъсир этувчи нарсаларни идрок қилиш билан ишониш ҳайвонларда ҳам бор. Ғайбга иймон келтириш туфайли инсон ўзини ўраб турган ҳиссий дунёдан чексиз уфқли, кенг оламга чиқади.

Иккинчиси – «намозни тўкис адо этадиган».

Улар Аллоҳга ибодат қиладилар. Бандага қул бўлишдан озод бўлиб, бандаларнинг Парвардигорига қул бўладилар. Намоз орқали банда Аллоҳ таолога боғланади. Шунингдек, бошқа улкан яхшиликларга эришади.

Учинчиси – «Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалар­дан нафақа қиладиган».

Тақводор мўмин-мусулмон одамнинг эътиқодига кўра, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ берган ризқдир, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам тақводор инсон Аллоҳ берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига садақа қилади.

«Садақа» сўзининг тасдиқ маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор.

«Нафақа» эса умумий сўз бўлиб, «закот», «хайр-эҳсон», «садақа» каби маъноларни англатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бас, агар қила олмасанглар ndash ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам ndash ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган оловдан қўрқинглар. Бақара 24.Аллоҳ давоми...

12916 17:28 / 30.07.2017
Бақара 10. Қалбларида касал бор. Аллоҳ касалларини зиёда қилди. Ва ёлғон гапирганлари учун уларга аламли азоб бор.Демак, мунофиқларнинг қалбларида мараз ndash давоми...

4107 20:39 / 17.05.2017
Бақара 12. Огоҳ бўлингки, улар ndash ўшалар бузғунчилардир, лекин ўзлари сезмаслар. Бақара 13. Ва агар уларга .Одамлар иймон келтирганидек, иймон давоми...

3621 22:06 / 20.05.2017
Кейин .Уни усигирнинг бир қисми билан уринг,, ndash дедик. Аллоҳ худди шундай қилиб, ўликларни тирилтирур ва ояталоматларини кўрсатур. Шоядки, ақл юритсангиз. Бақара давоми...

4534 09:00 / 24.09.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021