1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Аллоҳдан жазо сўраш жоизми?

20:51 / 25.04.2016 3803 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ассалому алайкум устоз! Агар руҳсат берсангиз сизга бир саволим бор эди. Саволим қуйидагича:

«Аллоҳим, гуноҳларим учун бу дунёнинг ўзида мени жазоимни бергин»  деб дуо қилса бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.  

Анасдан ривоят қилинади:

«Кирди», – деди. Мен Ҳумайдга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламми?» – дедим.
«Ҳа! Бетобликдан чарчаган кишини кўргани кирдилар. У худди пати юлинган жўжага ўхшаб қолган эди. Шунда у зот:
«Аллоҳга бир нарса ила дуо қил ёки сўра», – дедилар.
 «Аллоҳим! Менга охиратда берадиган азобингни бу дунёда бер», – деди.
«Субҳаналлоҳ! Унга бардош қила олмайсан ёки тоқатинг етмайди! Ундан кўра «Аллоҳим! Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни жаҳаннам азобидан қутқаргин», дегин», – дедилар.
У дуо қилди ва Аллоҳ азза ва жалла унга шифо берди».


Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари беморларни бориб кўриш эди. Ушбу ривоятда у зот алайҳиссаломнинг беморлардан бирини кўргани борганларидаги тафсилотлар баён қилинмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморнинг қаттиқ дард чекканини кўриб, унинг дуо қилса қабул бўладиган мақомга етиб қолганини кўрдилар ва:

«Аллоҳга бир нарса ила дуо қил ёки сўра», – дедилар».

Бемор ўзига ўхшаш дард чеккан кишилар каби иш тутди. Бу дунёдаги дардни чекиб охиратдаги азобдан кўпроқ қўрқиб қолгани учун «нима бўлса ҳам бу дунёда бўлсин, охиратга фақат ҳузур-ҳаловат қолсин» шиорига амал қилиб:

«Аллоҳим! Менга охиратда берадиган азобингни бу дунёда бер», – деди».

Сиртдан қараганда, бу–мардлик, Аллоҳ таолодан бўладиган ҳар бир синовга таслим бўлишнинг ёрқин мисолидир. Аммо, аслини олганда, бу каби дуолар қилиш нотўғри эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар:

«Субҳаналлоҳ! Унга бардош қила олмайсан!»

Ҳа, агар Аллоҳ таоло бандага унинг охиратдаги азобларини бу дунёда берадиган бўлса, банда чидай олмаслиги турган гап. Одам боласи бу каби нохуш нарсаларни эмас, Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенглигидан умидвор бўлган ҳолда икки дунё учун ҳам фақат яхшиликни сўрагани афзал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур беморни худди шунга ундадилар ва:

«Ундан кўра «Аллоҳим! Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни жаҳаннам азобидан қутқаргин», дегин», – дедилар».

Бемор саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу насийҳатларига дарҳол амал қилди ва:

«У дуо қилди ва Аллоҳ азза ва жалла унга шифо берди».

Бетоб ёки соғ киши ўзига қийин бўладиган нарсани сўрагандан кўра, яхшиликни сўраши керак. Бетоб ётган кишиларга шу дуони ўқишни насийҳат қилиш керак, иншоаллоҳ, шифо топадилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому Алайкум, Ҳурматли Шайх Ҳазратлари Намозда сажда ояти келган сура ўқилса, сажда қай тартибда амалга ошириладиБу гап бошланғич китобларда ҳам бор. Ушбу давоми...

9538 20:45 / 24.04.2016
Савол Бир ўзига тўқ танишим бу йил рўзада ифторлик килмадихар йили киларди, энди жудаям танишмиз, хайрон бўлиб бир кўришганда сабабини сўрадим ва кейин гап гапга давоми...

5870 09:05 / 05.06.2018
СаволАссалому алайкум Ноўрин қарғаш гуноҳми Одамларда қарғишнинг икки учи бор, бири сен қарғаган одамга иккинчиси ўзинга тегадиrdquo деган гаплар кўп айтилади. Шу давоми...

8514 23:44 / 15.05.2017
Ассалому алайкум Аёл киши уйда ўзи рақс тушиши гуноҳ эмасми Муҳим вазифалар, ибодат, уйишлари кабиларга ҳалақит бермаган ҳолда. .Зикр аҳлидан сўранг, ҳайъати Ва давоми...

12954 08:52 / 01.10.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021