1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Кун хадиси

05:02 / 04.06.2017 4629 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад алайъиссаломнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши беихтиёр содир этган гуноҳлари учун жавобгар бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлашдаги катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ таоло у зотнинг умматларидан уч нарсани кечиб юборганлиги ҳақида баён бермоқдалар.

1. Хато, яъни бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш. Мисол учун, бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилинганлиги аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Масалан, инсон бир кишини хато туфайли ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганидек, ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетса, қасос учун ўқни отган киши ўлдирилмайди, балки у ўлган киши учун хун тўлайди.

2. Унутиш, яъни ёдидан кўтарилиб, тақиқланган ишни қилиб қўйиш. Мисол учун, фалон ишни қилмайман, деб қасам ичса-ю, қасамини унутиб, ўша ишни қилиб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хато ва унутиш туфайли моддий зарар етказилса, тўланади. Бир амал унутиш туфайли бажарилмаган бўлса, эслаган заҳоти дарҳол уни бажариш лозим бўлади. Мисол учун, биров намозни унутиб қўйган бўлса, эслаши билан дарҳол ўқиб олади.

3. «Мажбур қилинган нарса», яъни бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбурланган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкор бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очдириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар бунга мисол бўлади.

Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Ойлик маошининг камайиши ёки ишдан бўшатилиши ва шунга ўхшаш нарсалар узр ҳисобланмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши каби хавфларгина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

Буларга қўшимча равишда, баъзи ҳадисларда ухлаб қолиш ҳам узр ҳисобланган. Яъни бир киши ухлаб қолиб, намоз вақтини ўтказиб юборса, уйғонган заҳоти ўқиб олади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Исломнинг осонлик дини экани.

2. Хато билан содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

3. Унутиш туфайли содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

4. Мажбурлаш ила содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

Бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан мусулмонлар учун улкан марҳаматдир. Агар Аллоҳ таоло мазкур ҳолатларда ҳам гуноҳни ҳисобга олишни хоҳласа, ҳаққи бор эди. Аммо бандаларига оғирликни хоҳламаганидан кечиб юборди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. .Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида давоми...

2025 06:11 / 27.05.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан яна ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳумма лака асламту ва бика аманту ва ъалайка таваккалту ва илайка давоми...

3889 05:05 / 05.01.2018
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимки бажаришга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни бутун давоми...

3777 15:10 / 04.12.2017
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг давоми...

4501 14:05 / 18.07.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021