1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 183 оят

19:18 / 17.06.2017 8221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақара 183. Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз.

Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади. Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:

«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.

Оятнинг маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмаслигини, балки барча динларда қадимдан бор ибодат эканини тушунамиз. Чунки унда:

«Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди»,  дейилмоқда.

Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламоларнинг таъкидлашларича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юриш рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юриш рўза дейилади. Улардаги рўзанинг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турлича бўлади.

Исломдаги рўза ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир. Рўза араб тилида «савм» дейилиб, луғатда «ўзини тийиш» деган маънони билдиради. Шариатда эса Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунча ният билан, ейиш-ичишдан ва шаҳвоний амаллардан ўзини тийиб туришга айтилади. Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:

«Шоядки, тақво қилсангиз»,  деб, рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда. Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси экан. Рўза тутган шахснинг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Рўза ҳавойи нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади. Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. .Нафақа қилган яхшилигингиз отаонага, қариндошларга, етимларга, мискинларга ва йўқсил йўлчига бўлсин. Нимаики яхшилик давоми...

4949 14:40 / 22.02.2018
Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман. Бас, Менга ижобат қилсинлар ва давоми...

10134 23:55 / 24.01.2018
Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилганлар ndash ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматини умид қиладилар. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, давоми...

4086 08:25 / 25.02.2018
Уларга .Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг,, ndash дейилса, .Бизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз,, ndash дерлар ва ундан кейинги нарсага куфр давоми...

4441 08:55 / 17.10.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021