1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Маст қилмайдиган набийз мубоҳдир

05:00 / 18.01.2017 4027 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Усайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни никоҳ тўйига даъват қилди. Ўша куни унинг аёли, келинчакнинг ўзи уларнинг хизматчиси бўлди. У келин эди. Саҳл розияллоҳу анҳу: 

«У(келин) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нимани ичирганини биласизларми? Кечаси бир тош идишга У зот учун хурмо доналарини ивитиб қўйиб, таом еганларидан кейин уни у зотга ичирди», деди».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 

1. Никоҳ тўйига илм аҳли ва фазл кишиларини даъват қилиш яхши экани.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳ тўйларида иштирок этганлари.

3. Абу Усайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳунинг фазллари.

4. Келин ўз тўйи куни улуғ кишиларга хизмат қилса жоизлиги.

5. Тўйда таом тортилиши.

6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набийз ичганлари.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун юқориси ип билан боғланадиган, пастида тешиги бор тери мешкобда набийз тайёрлаб берар эдик. Эрта билан тайёрлаган набийзимизни кечқурун, кечқурун тайёрлаган набийзимизни эрта билан ичар эдилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Теридан тайёрланадиган мешкоблар турлича бўлади. Оиша онамиз васф қилаётган бу мешкоб ҳам ўзига хос экан. Унинг оғзи-юқори томони кенг бўлиб, суюқлик қуйилгандан кейин ип билан боғланиб қўйилар экан. Паст томонида махсус тешик бўлиб, ундан керакли миқдордаги суюқликни қуйиб олиш учун фойдаланилар экан. Бошқа вақтда беркитилган ҳолда турар экан.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари тайёрланган набийзни янгилик вақтида ичиш экан. Эрта билан тайёрланган набийзни кечқурун, кечқурун тайёрлаган набийзни эрта билан ичишлари шуни кўрсатади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун майиздан кечқурун набийз тайёрланар эди. У зот уни ўша куни, эртасига ва индинига, учинчи куннинг кечқурунигача ичар эдилар. Сўнгра бошқаларга ичиришга ёки тўкиб юборишга амр қилар эдилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Узоқ турган набийз вақт ўтиши билан хамрга айланиб қолиш эҳтимоли бор. Шунинг учун уни янгилигида, ширин таъм бўлиб турганда ичилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.


Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятида: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга теридан бўлган мешкобда набийз тайёрланар эди. Агар у бўлмаса, тошдан қилинган таврда тайёрланар эди», дейилган.

Шарҳ: Набийзни тери идишда тайёрлаш афзаллиги ушбу ривоятдан билиб олинади. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, маст қилувчи ичимликка айланиб қолиши эҳтимоли бор нарсаларда ўта ҳушёр бўлиш лозим экан. Бу айланишга идиш сабаб бўладими, ёки баъзи бошқа нарсалар сабаб бўладими–фарқи йўқ экан. Нима бўлса ҳам ичимлик ҳалолу пок бўлиши керак экан.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўза тутиш уч ҳолатда лозим бўлади 1. Рамазон ойига кириш билан унинг рўзасини тутиш фарз бўлади. 2. Каффоратлар лозим бўлиши ила. Мусулмон киши бировни хато ила давоми...

1548 19:00 / 03.07.2025
.Фиқҳ, сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади.Шариат истилоҳида эса шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга давоми...

2485 19:05 / 26.12.2019
Маълумки, сувсиз поклаш ҳам, покланиш ҳам мумкин эмас Шунинг учун ҳам ҳамма ҳадис ва фиқҳ китобларимизда сувларнинг ҳукми ҳақида алоҳида боблар бор. Одатда бу давоми...

10368 05:00 / 18.01.2017
Барча фуқаҳолар қабрларни эҳтиром қилиш суннат эканига иттифоқ қилганлар. Қабрларнинг эҳтироми қуйидагилардан иборат 1. Қабрнинг устига ўтириб, устидан юриб ёки давоми...

1815 19:00 / 22.03.2024