1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Ҳиро ғорида

18:18 / 09.12.2017 5266 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўша пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак умрларидан қирқинчи йилини ўтказар эдилар. Дунё жар ёқасига келиб қолган эди. Турли разолатлар ботқоғига ботган инсоният ўзини ўзи ўлдиришга уринмоқда эди. Бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган, қаёққа қарасанг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғон-туҳмат, душманлик ва жаҳолат ҳукм сурар эди.

Ўша пайтда бутун дунё жоҳилий ҳаёт кечирар эди. Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси ҳозиргига ўхшаб, бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар эди. Қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди. Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди.

Ана шундай қуюқ зулмат, моғор босган қалблар ухлаган бир пайтда фақатгина бир инсоннинг моғор босмаган пок қалби уйғоқ эди. Ўша ягона уйғоқ қалб мавжуд вазиятдан норози бўлиб, мазкур қоронғуликдан нурга чиқиш йўлини ахтарар эди.

Мазкур муборак қалб Макка номли шаҳарда Абдуллоҳ исмли отадан, Омина исмли онадан туғилган, Аллоҳнинг инояти билан жоҳилиятнинг барча чиркинликларидан сақланиб қолган Муҳаммад исм­ли муборак инсоннинг қалби эди.

Мазкур ягона пок қалб эгаси жоҳилият зулматидаги ноҳақлик, фисқу фужур ва бошқа номаъ­қулчиликлардан четланиб, Макка шаҳри четида жойлашган тоғдаги «Ҳиро» номли ғорга кириб ўтирар ва «Инсоният қандай қилиб жоҳилият зулматидан нурга чиқиши мумкин?» деган саволга жавоб ахтарар эдилар. У зот шу тариқа бўлажак улкан ҳодисаларга ўзлари билмаган ҳолда тайёрланар эдилар.

Айни ўша пайтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай, Пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб, тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло инсониятнинг нав­батдаги ва энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги Китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода қилган пайт келган эди.

Ҳа, пайғамбарлик келишидан уч йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» ибодати, яъни ғорда ўтириб, руҳий покланиш одати пайдо бўлган эди.

У зот ўша ерга келган мискинларга таом берардилар. Вақтни кўпроқ ибодатда ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилардилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатдан кўнгиллари тўлмасди. У киши очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излар эдилар.

Бундай танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам Аллоҳнинг келажак ишларни ўйлаб қилган тадбири эди. Дарҳақиқат, бу зотни келажакда улкан ишлар кутарди.

Ва ниҳоят, кутилган ўша улуғ иш содир бўлди. Кунлардан бирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорининг оғзига чиқишлари билан:

«Иқроъ!» («Ўқи!») деган гулдурос овозни эшитдилар. Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди. Бу шуъла дунёдаги ягона пок қалбни ёритди.

Ўшанда Рамазон ойининг охири бўлиб қолган, баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, Қадр кечаси эди.

Ана шу тариқа Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўла бошлади.

Аввал ўтган барча пайғамбарларга Аллоҳ таолодан ваҳий келтирган, ваҳийнинг амийни, Парвардигори оламнинг пайғамбарлар билан воситачиси бўлган фаришта Жибрийл алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳнинг охирги нозил этаётган ваҳийлар туркумини олиб келишни бошлаган эди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Белгилаган соат етиб, Яратганнинг буюк хабарини бутун инсониятга етказиш учун Аллоҳнинг Ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар. .Фил давоми...

10566 10:44 / 15.09.2023
Жаҳолат ёруғликка айланди у кун,Ечилди юракдаги азалий тугун.Барчани мафтун этиб ёқимли бир ун,Зулматга нур бўлиб келган ҲабибимИсломнинг йўлида қилиб ғазотлар давоми...

2833 09:45 / 05.11.2019
Ассалому алайкум, .Islom.uz, портали масъул ходимлари. Анчадан бери ўйлаб юрган ниятимни амалга ошириш мақсадида дил изхоримни ёзишга қарор қилдим.Пайғамбаримиз давоми...

3168 11:30 / 28.10.2019
2698. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хидридаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бир нарсани ёқтирмасалар, давоми...

4578 18:50 / 06.12.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021