1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Рисолат ва нубувват ила ваҳий тушишининг бошланиши

21:16 / 15.12.2017 5729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2729. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийдан биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек, аниқ ўнгидан келар эди. 

Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча таҳаннус (яъни ибодат) қилар эдилар. Ўз аҳлларига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила ғамлаб олар эдилар. 

Сўнгра Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила ғамлаб олар эдилар. У зотга ҳаққ (Жибрийл) келгунича шундай бўлди. У зот Ҳиро ғорида эдилар. 

(У зот дедилар:) «Шунда фаришта келиб:

«Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедим. 

У мени тутиб, сиқди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва:

«Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедим. 

У мени иккинчи марта тутиб, сиқди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва:

«Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедим. 

У мени учинчи марта тутиб, сиқди. Ҳаттоки менга қийинлик етказди. Сўнгра мени қўйиб юборди ва: «Яратган Роббинг номи билан ўқи! У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг ўта карамлидир» деди. 

Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша(оят)лар ила қалблари титраб-қақшаб қайтдилар ва Хадийжа бинту Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига кирдилар-да:

«Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. 

Бас, у зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у зот Хадийжага хабарни айта туриб:

«Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим», дедилар. 

Шунда Хадийжа:

«Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта, сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Ҳақ (йўли)да фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди. 

Сўнгра Хадийжа у зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо Хадийжанинг амакисининг ўғлининг олдига борди. У жоҳилият даврида нас­ронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Инжилдан ибронийчасига Аллоҳ ёзишини хоҳлаганини ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Бас, Хадийжа:

«Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга:

«Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар. 

Варақа у зотга:

«Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир. Эҳ! Қани энди, қавминг сени ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қани энди, тирик бўлсам эди!» деди. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мени улар ҳайдаб чиқарурларми!?» дедилар.

«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайдир. Сенинг ўша кунингга етсам, албатта, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди. 

Кўп ўтмай, Варақа вафот этди. Ваҳий узилиб қолди».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир роҳимМана Робиъул аввал ойи ҳам кириб келди. Бу ой инсоният учун нажот умидини тақдим этган, улкан бахту саодатлар эшиги очган ойдир. Бу ой давоми...

10217 10:32 / 24.03.2017
2698. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хидридаги бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Бир нарсани ёқтирмасалар, давоми...

4580 18:50 / 06.12.2017
Модомики, инсон Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлса, унинг қалбидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат жой олган бўлади. Бу туйғу, давоми...

8771 17:00 / 12.12.2017
Бу зот ким Бу зот энг аввало, Абдуллоҳ Аллоҳнинг қули, бандаси. Мана шу бандалик сифати бу инсоннинг сифатлари ичидаги энг буюк сифатдир. Инсоният бу зотнинг инсон давоми...

3171 10:55 / 07.11.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021