1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Оли Имрон сураси 186

05:00 / 19.01.2017 6762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, молу жонда синовга учрайсиз. Албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитасиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу салмоқли ишлардандир.

Барча ақида ва даъватларда, албатта, бало-офат ва синовлар бўлиши шартдир. Душманлардан озор эшитиш ва жафо кўриш ҳам бор нарса. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки бу йўл олий мақсад йўлидир. Жаннат йўлидир. Жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах эса, шаҳвоний ишлар, лаззатлар билан ўралган бўлади.
Қийинчиликсиз эришилган нарсанинг қиммати бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло эзгулик йўлида, Ўзининг йўлида курашга отланган бандаларни синовдан ўтказиб, тоблаб, чиниқтириб туради. Ана шундагина яхшилик даъватчилари мустаҳкам иродага эга бўладилар. Даъватнинг барча оғирликларини кўтарадилар.
Иймонга, Исломга, эзгуликка даъват қилувчилар, шу йўлда ҳаракат қилувчиларга молу мулкларида ҳам синов келади. Уларнинг молу мулкларини золимлар тортиб олиши ёки йўқ қилишга уриниши мумкин. Душман кофир бўлгандан кейин ҳеч нарсадан тап тортмайди.
Шунингдек, иймон йўлида курашувчиларнинг жонига ҳам душманлар қасд қиладилар. Уларни азоблашлари, қийнашлари ва ҳатто ўлдиришлари ҳам мумкин. Бу ҳолат аввалда ҳам бўлган, ҳозирда ҳам давом этмоқда.
Ҳақиқат йўлининг курашчилари душманлардан кўплаб озорлар эшитадилар. Уларни ҳар замон ва ҳар маконда турли айблар билан айблашади. Турли ёмон сифатлар билан сифатлашади. Бу бўлиши муқаррар ишлардир. Ахир, Аллоҳ таоло Ўз Қуръонида айтиб қўйган нарса муқаррар бўлмаса, нима муқаррар бўлар эди!
Аммо буларнинг бари ҳақиқат курашчиларига, иймон байроғини юксак кўтаришга интилганларга яхшиликдир. Энг камида, кураш учун оладиган савоблари кўп бўлади.
Фақат, жону молга бало етганда, душманлардан озор кўрганда:
«Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу самоқли ишлардандир».
Ана шундагина кўзлаган мақсадга эришилади. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди. Чунки иймон ила куфр курашида доимо иймон тараф ғолиб келган. Чунки бу тараф Аллоҳнинг тарафи. Унинг Ўзи нусрат беради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаАввал ўтган дарсларимизда муташобиҳнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маънолари, турлари ва бошқа унга боғлиқ нарсаларни қўлдан келганича ўрганиб давоми...

8227 14:39 / 11.08.2020
78. Батаҳқиқ, Биз сизга ҳақни келтирдик. Лекин кўпларингиз ҳақни ёмон кўргувчисиз. Шунинг учун бугунги кунда ушбу аянчли ҳолга тушиб турибмиз.Сўнгра жаҳанам давоми...

5188 05:00 / 23.01.2017
Мусо алайҳиссаломнинг даврларидан кейин бир неча асрлар, қанчаданқанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари унутилди ёки бузилди. Сен давоми...

8046 15:15 / 28.01.2019
Аллоҳ таоло Исро сурасида шундай марҳамат қилади .Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз ва у золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас,, деган давоми...

1848 19:00 / 14.07.2025
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021