1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 214-оят

15:05 / 21.02.2018 5237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ёки сиздан олдин ўтганларнинг ҳолатлари сизларга ҳам келмай туриб, жаннатга кирамиз деб ўйладингизми? Уларни йўқчилик ва қийинчиликлар тутган ва ларзага туширилганлар. Ҳаттоки Расул ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» – деганлар. Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир. Бақара 214.

Ушбу ояти каримадаги савол Набий алайҳиссалом ва мусулмон кишиларга қаратилган. Улар Исломга тўлиғича киришга, Аллоҳ нозил қилган ҳақ Китобга амал қилиб, тўғри йўл – сироти мустақимда собитқадам бўлишга ҳаракат қилиб туришганда, аввал ўтган мўминларнинг тажрибаларига ишора қилиб, улар тортган қийинчиликларни булар ҳам тортишлари шартлиги ва усиз жаннатга кириб бўлмаслигига ишора қилинмоқда.

«Ёки сиздан олдин ўтганларнинг ҳолатлари сизларга ҳам келмай туриб, жаннатга кирамиз деб ўйладингизми?»

Демак, жаннатга кириш иймон, Исломни оғизда эълон қилиб қўйиш билангина бўлаверадиган осон нарса эмас. Жаннатга киришнинг бир шарти – аввалги умматлардан унга киришга ҳақдор бўлганларга юборилган оғир синовларни бошдан ўтказиш зарур.

Хўш, аввал ўтган умматлар нималарга дучор бўлибдилар?

«Уларни йўқчилик ва қийинчиликлар тутган ва ларзага туширилганлар».

Ҳақни юзага чиқариш йўлида улар турли синовлардан, имтиҳонлардан ўтганлар, душманларнинг тажовузига, уруш-сўкишларига, озорларига чидаганлар, очлик, қийноқ ва муҳтожликларга учраганлар. Улар тортган қийинчиликлар шу даражага етганки, иймонли бўлишларига, бу синовлар уларга обрў келтиришини аввалдан билишларига қарамасдан,

«Ҳаттоки Расул ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» – деганлар».

Азоб-уқубат ҳаддан ошиб кетгани учун улар шундай дейишга мажбур бўлганлар.

Қалбларни ларзага солувчи синовлар пайтида ҳам иймонида собит қолувчилар,

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир».

Демак, банда ўз амали, сабри, матонати билан ҳақдор даражасига етганда, Аллоҳ унга Ўз нусратини беради.

Хаббоб ибн Арт розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у киши дейдилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нусрат сўрасангиз-чи, Аллоҳга дуо қилсангиз-чи», – дедик. Шунда Набий алайҳиссалом:

«Сизлардан олдин ўтганларнинг баъзиларини бошининг қоқ ўртасидан арра солиб, оёғидан арралаб чиқиб кетсалар ҳам, динларидан қайтмаган эдилар. Гўштларини темир тароқ билан тараб, суякларидан ажратиб олсалар ҳам, динларидан қайтмаган эдилар. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Ўзи бу ишни батамом қилади. Ҳали улов минган одам Санъодан Ҳазармавтгача ҳеч нарсадан қўрқмай, Аллоҳдан ва қўйини бўри еб қўйишидангина қўрқиб борадиган ҳам бўлади. Лекин сизлар шошқалоқлик қиляпсизлар», – дедилар».

Рум подшоси Ҳерақлнинг Абу Суфёндан Набий алайҳиссалом ҳақларида сўраган саволлари ичида:

– У билан уруш қилдиларингизми? – деган савол ҳам бор эди. Абу Суфён:

– Ҳа, – деди. Ҳерақл:

– Ораларингиздаги уруш қандай кечди? – деди. Абу Суфён:

– Гоҳ ундай, гоҳ бундай, баъзида у енгди, баъзида биз енгдик, – деди. Ҳерақл:

– Ўзи ҳақиқий пайғамбарларнинг иши шунақа бўлади: синалиб-синалиб, оқибатда ғолиб келадилар, – деди.

Демак, сабр қилиш, ҳаракат қилиш керак экан.

Исломга тўлиғича киришдан, Аллоҳ нозил қилган ҳақ Китобга амал қилишдан олдин баъзи нарсаларни билиб олиш керак, шунинг учун келаси оятларда Набий алайҳиссаломга олтита савол берилади ва унга жавоб ҳам келади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва агар талоқни қасд қилсалар, бас, албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. Бақара 227. .Ийло, эр кишининг ўз хотинига яқинлик қилмасликка қасам ичишидир. давоми...

3864 22:35 / 06.03.2018
Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир. Зулм давоми...

5387 13:10 / 01.01.2018
Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг. Шоядки, тақво қилсангиз. Бақара 21Ушбу оятда умумбашарга қарата нидо этилмоқдаки, давоми...

5588 17:13 / 24.07.2017
Ва Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни, укетганидан сўнг золим бўлган ҳолингизда бузоқни илоҳ тутганингизни эслангСўнгра ўшандан кейин ҳам сизни афв этдик, давоми...

4691 09:05 / 31.08.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021