1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннат аҳли

22:29 / 24.02.2018 6502 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» – дедилар.

Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», – дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!

Бу ҳолат жаҳаннам аҳлининг ҳолатидан тамоман бошқача. Ҳамма томонда хурсанчидлик, ҳамма томонда шоду хуррамлик барқ уриб туради. Қўриқчиларнинг гапи ҳам салом, табрик ва башоратдан иборат. Жаннат аҳлининг гапида ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано, хурсандлик бор. Нақадар яхши ҳолат! Нақадар гўзал жой! Нақадар яхши мукофот!

«Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар».

Мазкур саодатманд бандаларнинг жаннатий бўлишларининг асосий боиси Роббларига тақво қилганлари экан. Ана ўша тақво сифатига эга бўлганлари учун ҳам қиёмат куни уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб, жаннатга олиб борилар экан. Шунинг ўзидан тақводорлик қанчалар зарур нарса эканини тушуниб олишимиз керак бўлади.

Ана, жаннатга киришларига ҳукм чиққан хушбахт бандалар жаннатга олиб келиндилар. Уларнинг бутун вужудларидан қувонч ёғилиб турибди. Мана, орзиқиб кутилган жаннат эшиги ҳам кўринди. Жаннатийларнинг шавқу завқлари яна ҳам зиёда бўлиб, унинг эшиклари томон йўлландилар.

«Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» – дедилар».

Жаннатнинг эшик оғаси бўлган фаришталар Роббларига тақво қилган бандаларни табрик сўзлари билан:

«Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз!» – деб кутиб олдилар. Сўнгра жаннатийларнинг кўнгилларини яна ҳам тўқ қилиш учун:

«Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг», – дедилар».

Ҳа, жаннатга унда доимий қолиш учун, унинг нозу неъматларидан доимий лаззатланиш учун киринглар, дедилар.

Жаннатийлар жаннат эшик оғаларининг бундай илтифотларига ўзларига хос муомала ила жавоб илтифоти кўрсатдилар:

«Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин».

Оҳ! Нақадар юксак одоб бу! Ўзини билиш, Роббини таниш қандай ҳам яхши. Жаннатий бандалар, ўзларига берилган олий мақом ва доимий саодат хабарини эшитишлари билан, дарҳол Ўз Роббларига – уларга берган ваъдасига амал қилиб, уларни жаннатга киритган Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар!

Улар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини яхши биладилар. Шунинг учун жаннатга кирмасларидан аввал, Аллоҳнинг ваъдасига биноан, ундан қандай жой олишларини билиб,

«Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», – дедилар».

Ана, кўрдингизми, бу қандай ҳам яхши! Нақадар гўзал!

«Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!»

Ва, ниҳоят, «Зумар» сурасининг охирги оятида қиёмат саҳнасига якун ясалади.

Ва фаришталарни Аршни ўраб олиб, Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтаётган ҳолда кўрурсан. Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинди ва: «Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» – дейилди.

Ўша ишлар бўлган қиёмат кунида фаришталар Аршни ўраб олиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, Уни барча айблардан поклаб ёдга олиб турадилар. Ўшанда

«Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинди...»

Яъни бандалар орасида адолат ила ҳукм қилинди

«...ва: «Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» – дейилди».

Бу ҳамду санони бутун оламлар, бутун борлиқ бир овоздан айтди. Бу ҳол ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

Оламларнинг Робби – Аллоҳга, Унинг ёлғиз Ўзига битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Аммо, шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина давоми...

12147 15:04 / 01.11.2018
Баъзи суфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишни давоми...

8620 00:00 / 03.12.2016
Аршни кўтариб турганлар ва унинг атрофидагилар Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтурлар, Унга иймон келтирурлар ва иймон келтирганларга мағфират сўрарлар .Роббимиз, давоми...

8073 19:14 / 21.02.2018
Бу икки нарса, яъни ибодат ва дуо қазо ва қадар, банданинг амали ихтиёрий ёки мажбурий экани, савоб ва иқоб масалалари билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидламоғимиз давоми...

4646 19:30 / 18.10.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021