1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Дўзах олови тегмайдиган икки кўз

18:53 / 01.03.2018 5775 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг, сабрда устун келинг, қўриқчиликда шай туринг ва Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз.

Сабр даъватнинг машаққатли йўлидаги зоди роҳиладир. Ниятга сабрсиз етиб бўлмайди. Чунки бу даъват йўлида турли хавфу хатарлар, бало-офатлар, синовлар ва азоб-уқубатлар тўлиб ётибди.

Сабр ила ғолиб келиш муҳим нарса, чунки қарши тараф ҳам ўзига яраша сабрлидир. Демак, икки томоннинг сабрлари ўртасидаги курашда мўминларнинг сабрлари ғолиб келиши керак. Бу шаръий истилоҳда «мусобара» дейилади.

Биз «қўриқчиликда шай туринг» деб таржима қилган ибора эса «муробата» дейилиб, ибодат жойида ёки мусулмонларни душмандан ҳимоя қилиш жойида бардавом бўлиш маъносини англатади.

Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Набий алайҳиссалом «Бир кун муробата қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир», – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда у зот: «Икки кўзга (дўзахда) олов тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга», – деганлар.

Абд ибн Ҳумайд, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Ҳиббонлар Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар. У киши айтадилар:

«Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайрлар мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирсак, у киши тўсиқларининг ичида ўтирган эканлар. У кишига салом берган эдик:

– Булар кимлар? – деб сўрадилар. Биз:

– Бу Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайр, – дедик. У киши:

– Эй Убайд ибн Умайр, бизни зиёрат қилишингдан нима тўсади? – дедилар. У:

– Тез-тез зиёрат қилиб тур, муҳаббат зиёда бўлади, деганларидек-а? – деди. У киши:

– Биз сенинг зиёратингни ва келиб туришингни хоҳлаймиз, – дедилар. Абдуллоҳ ибн Умар:

– Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг, – деди. У киши йиғладилар. Сўнгра:

– Ҳамма ишлари ажойиб эди, – дедилар. – Менинг навбатим кунларидан бирида келиб, мен билан бирга ўринга кириб, ётдилар. Бир муддат ўтганидан сўнг:

– Эй Оиша, менга изн бер, Парвардигоримга ибодат қилай, – дедилар. Туриб, сувидишга бориб, оз сув ишлатиб, таҳорат қилдилар. Сўнгра туриб, қироат қилдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ёноқларидан оқаётганини кўрдим. Сўнгра ўтириб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг кўксларига оқиб тушаётганини кўрдим. Кейин ўнг ёнбошларига ёнбошлаб, қўлларини юзларига тирадилар, йиғладилар. Мен кўз ёшларининг ерга оқиб тушаётганини кўрдим. Билол туриб, у кишини намозга чақирди:

– Намозга, эй Аллоҳимнинг Расули, – деди. У кишининг йиғлаётганларини кўриб: – Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизнинг аввалгию кейинги гуноҳларингизни кечган бўлса ҳам йиғлаяпсизми? – деди. У киши:

– Эй Билол! Шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Мен йиғламай, ким йиғласин! Ҳолбуки, бу кеча менга «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузнинг алмашиниб туришида...» ояти нозил бўлди. Ким шу оятни ўқиса-ю, улар ҳақида тафаккур қилмаса, ҳолига вой бўлсин, – дедилар».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайтон бани Одамнинг ҳаммасига душманлик қилишга сўз берди. Шундан бери одамзотга янги туғилган пайтдаёқ биринчи ҳужумини қиладики, бу билан уни сулҳкелишувсиз, давоми...

7407 21:29 / 02.12.2016
9. Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан олдин жинлар осмондаги фаришталарнинг гапини ўғриликча эшитиб олиб, инсонлардан бўлган ўз яқинларига етказиб давоми...

4593 00:00 / 30.11.2022
Лаа илаҳа иллалллоҳу ndash Ундан бошқа илоҳ ибодатга сазовор зот йўқ. Ушбу калима тавҳид калимаси бўлиб, барча пайғамбарлар шунга даъват қилганлар. Ушбу калима давоми...

4781 23:57 / 02.12.2016
Жаннат инсон учун яратилгани ҳақиқат. Биз буни билишимиз керак. Шу ҳақиқатни тўлиқ англаб, Аллоҳга иймон келтирсак ҳамда яратилишимиздан кўзланган мақсадни давоми...

6747 21:18 / 03.05.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021