1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Дунё зийнатлари

13:51 / 02.03.2018 4914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир.

«Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса «шаҳват» сўзи «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди».

Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.

Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанди жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.

Сўнгра тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат моли бўлишинигина эмас, балки моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молини кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар бойлик тўплашга молсизлардан кўра кўпроқ уринаётганларини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканидир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Доимо кишилар яхши отга эга бўлишни ўзлари учун обрў деб билганлар. (Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор). Аммо бу ерда умуман, улов маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлик, биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаётганини кўрамиз.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли бўлиб, ушбу нарсаларни ўзига мулк қилишга доимо ҳаракат қиладилар.

Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима нозил бўлган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам,

«Булар дунё ҳаётининг матоҳидир».

Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, дунёники.

«Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир».

Бу жой жаннати наъимдир. Унда киши нимани иштаҳа қилса, ўша муҳайёдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зуҳд ҳақида келган оят ва ҳадисларни, тўрт рошид халифаларнинг бу борадаги ҳолатларини қўлдан келганича ўрганганимиздан кейин бу мавзуни яқиндан ўрганган ва давоми...

4503 21:49 / 30.07.2017
Ичкарига беркитилган сирлар ташқарида кўриниш ила ошкор бўладир.Яъни қалбларга беркитилган асрорлар ташқи аъзолардаги аломатларда кўринади. Ҳар бир инсоннинг давоми...

5104 21:06 / 22.08.2017
Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар.Аллоҳни зикр қилиш ndash қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳнинг давоми...

7595 19:05 / 11.02.2018
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

4786 22:05 / 09.04.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021