1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Сув ила турли набототлар чиқарган Зот

16:07 / 06.03.2018 4443 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан янги сабза урган ўсимликларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар ва хурмодан – унинг тугунчасидан яқин шингиллар ҳамда узумлардан боғлар, шунингдек, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят(белги)лар бордир.

Ушбу ояти каримада ғафлат босган инсон мулоҳаза қилмайдиган улкан ҳақиқатлар баён қилинади. Буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг биру борлигининг далолатидир.

«У осмондан сув туширган Зотдир».

Осмондан сувни Аллоҳ таоло нозил қилмаса, ким нозил қилади? Одамлар ўзлари нозил қила оладиларми? Нима учун ҳар йили айрим жойларда қурғоқчилик оқибатида инсоният мислсиз зарарлар кўрмоқда? Демак, осмондан сувнинг ўз вақтида ёмғир ёки қор сифатида тушиб туриши катта неъмат экан.

«Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик».

Осмондан тушган сув турли набототларнинг чиқишига сабаб бўлади. Сувсиз ҳаёт бўлмаганидек, набототларсиз ҳам ҳаёт бўлмайди. Шунинг учун қурғоқчилик бўлган жойларда амаллаб ичгани сув топилганда ҳам, ҳаёт кечириш оғирлашиб кетади. Экинлар, набототлар қуриб, ҳайвонлар ва инсонлар қирила бошлайди. Ер юзидаги набототларни Аллоҳ ундирмаса, ким ундиради? Ҳар ким ўзича бир туп нарсани кўкартира олмайди-ку. Ушбу набототлар ҳам Аллоҳнинг биру борлигига яққол далилдир. Сув туфайли турли набототлар ундирилиб, шу билан кифояланиб қолинмайди. Балки ўша набототлардан бошқа нарсалар яратилади.

«Ундан янги сабза урган ўсимликларни чиқардик».

Яшил гиёҳлардан кўра инсонлар учун янада фойдалироқ неъматлар ҳам бор.

«Ундан ғужум-ғужум бошоқлар...»

Бошоқлар инсонлар ва ҳайвонларга озуқа, ўсимликларга уруғ ҳам бўлади.

«...ва хурмодан – унинг тугунчасидан яқин шингиллар... чиқарамиз».

Хурмо ҳам бошқа дарахтлар каби, оддий бир дарахт. Аммо кўплаб унга ўхшаш дарахтлар мевасиз бўлгани ҳолда, хурмонинг узиб олишга яқин, қулай жойида шингил-шингил мевалари бор. Буни ким қилди? Дунё бир ёқадан бош чиқариб, битта дона хурмо дарахтини ярата оладими? Йўқ, албатта. Нима учун одамлар бу ҳақиқатни ўйлаб кўрмайдилар?

«...ҳамда узумлардан боғлар...»

Узумни олайлик. Унга ўхшаш бошқа набототлар кўп. Аммо айнан узумзор боғлар бор. Ундан турли хилдаги узум мевалари олинади. Бир хил наботот бўлса ҳам турли рангли, турли шаклли ва турли таъмли мевалар ҳосил қилади. Буларнинг ҳаммасини ким қилмоқда. Бунга Аллоҳдан ўзга ким қодир? Ҳеч бўлмаса, шуни ўйлаб кўриб, хулоса чиқарсалар бўлмайдими?

«...шунингдек, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз».

Булар ҳам ажойиб бир мўъжизалар. Зайтун ва анорга ўхшаш дарахтлар кўп. Бу меваларнинг пайдо бўлиши, тузилиши, хусусиятлари, самараси ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, албатта. Хўш, буларни ким қилади? Ким қодир бу ишларга? Албатта, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қодир эмас.

«Унинг мева тугиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг».

Бу пайтдаги ажойиб ўзгаришлар, гўзалликлар ва киши ақли бовар қилмайдиган жараёнлар – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг биру борлигига ёрқин далилдир. Дунё пайдо бўлганидан буён ҳеч ким бир донагина бўлса ҳам мева ярата олмаган. Ана шунинг ўзи ҳам Аллоҳ таолога иймон келтиришга чорламайдими? Хўш, ким бу нарсалардан ибрат олади?

«Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят(белги)лар бордир».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган қаттиқ ҳолат қалбларни ларзага солади, ақлларни бошдан учиради, инсоннинг хаёлини паришон қилади, ҳатто эмизикли аёллар давоми...

4926 19:00 / 10.07.2023
Мусулмон инсон бўлажак ишларда .Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир, жумласини шиор қилиб олиб, ўзини амалга уриши керак. Ўзи учун яхшилик амалларни давоми...

4553 18:00 / 28.06.2021
давоми7. Аввалги мақолади биз инсонни кўриб чиқдик. Аслида, биргина ҳужайра ўзидаги цитоплазма, ядро, ҳужайра суюқлиги ва бошқа элементунсурлари билан тасодифий давоми...

5019 09:56 / 03.11.2018
Юқорида зикр қилинган далил ва ҳужжатлардан Ислом фақатгина илмга тарғиб қилиб қолмай, ўзи ҳам айнан илмий асосда эканини билиб оламиз. Исломнинг дин сифатида давоми...

8679 13:00 / 26.11.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021