1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Меҳр ила қалбларни ишғол этган олим

13:42 / 12.03.2018 6850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу жумлалар азиз сиймони хотирга олиб, ўша кунларга хаёлан яна бир бора қайтиш мақсадида ёзилмади. Зотан кечаги куннинг эмас, доимо бугуннинг, воқеъликнинг эътиборини қилган, шу ила уммат истиқболининг ғамини еб яшаб ўтган бу сиймони бугун шунчаки бир хотирлаб, эртага унутсак, адолат бўлмайди. У кишини бугун ёд этиб, кўз ёшимиз денгиз мислича бўлганидан кўра, ўзимизга у зотнинг кўзлари ила бир қараб қўйсак – ўша яхшироқ, фойдалироқ, биз нотавонларнинг қилган дуосиданда у кишига нафлироқдир.

Чамамда 1989-йил эди. Атроф дунёни синчковлик ила ўрганаётган ўсмир эдим. Ўшанда биринчи бор у кишини телевизорда кўрдим. Кўзлари, юзлари, сўзлаш услублари – ҳаммасини синчковлик билан кузатардим, ўрганардим. Бу одам мен ўсмирга ёқди, ишонч пайдо қилди. Нега денг. Чунки бу сиймо суратининг замирида, ортида бир олам меҳр бор эди. Ҳа, айнан ўша нарсани – ҳеч бир асбоб билан аниқлаб бўлмайдиган нарсани ўсмирнинг синчков, ташна назари илғаб олган эди.

Меҳр моддаси турлича бўлади. Онанинг қалбига Робб таоло Ўзи жойлаб қўйган она меҳри бор, ёнингизда сизга мудом яхшилик қилиб турадиган кишига миннатдорчиликдан ҳосил бўладиган меҳр бор. Аммо яна бир тури бор, уни изоҳлашга ожизмиз – буюк, ажиб сирдир у. Битта миллатнинг меҳрини битта юракка... сиғдирадиган меҳр. У – ҳақиқий олимларнинг меҳри. Тунда ухламай жаннату дўзах орасида юриб чиқиб, тонгда тўшагидан турганда бир инсга қаттиқ ҳукм чиқаришнинг вазнини билиб олганларнинг меҳри. Ҳақиқий ИЛМ танидан вужудга келадиган, гўё она танидан бола туғилганидек, меҳр.                     

Бу зотларнинг халқ орасида қозонилган меҳру муҳаббатининг, дунё бўйлаб қозонилган ҳурматининг, илмий соҳада эришилган муваффақиятининг сирини ўрганмоқчи бўлиб, овора бўлишлар бор. Чунки сабабларни излашда ҳам... синов бор. Ҳақиқий, нурли илм инсоннинг миясида ҳосил бўлади деб ўйлаб, қалбларни ёритувчи илм фақатгина меҳр-муҳаббатга тўла қалбларда ошён қуришини англамай, синовдан ўтолмай ютқазишлар бор.

Бу ютқазиқнинг натижасида кўримсиз манзаралар ҳосил бўлади.

Бундай зотларнинг кенг елкаси ортида тиним топган барча учун бу елканинг ғойиб бўлиб қолиши – бу ҳам синов дунё бўлмиш бу дунёнинг синовидир. Қалбларнинг синовидир. Улар тунда босиб ўтган жаннату дўзахнинг йўли – улар қолдирган васиятдир. Бу васият олинмаса ҳаво бемеҳрликка тўлади.

Бугун ҳолатимизни таҳлил қилмоғимиз, назаримизни қалбимизга йўналтириб, ҳаёти кўзимизда ўтган Олимнинг қалби билан тафовутни сезишимиз даркор. Мазкур тафовутни англаб, ўзимизни тузатсак енгил тортганимизни ҳис этамиз, ишимиз ривож топади, кўнгилсиз манзаралар барҳам топади, иншааллоҳ.    


Муҳаммад ШАКУР

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иброҳим махдум Мулла Иброҳим махдум 1898 йили Наманганнинг сўлим гўшаларидан бири Шўркент қишлоғида дунёга келдилар. Падари бузрукворлари мулла Мухаммад Солиҳ давоми...

2546 14:00 / 14.07.2022
Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ndash ақоид калом, мантиқ ва усулулфиқҳ илмлари соҳасидаги етук олимдир. Шайх Саъид 1967 йили Фаластиннинг Ҳайфа шаҳрида туғилган, давоми...

3797 10:47 / 29.02.2020
Ушбу мақола Учкўприк тумани, Яккатут қишлоғида жойлашган Умарали эшон мақбарасининг тарихини ёритишга бағишланган бўлиб, унда нақшбандия тариқатининг давоми...

2419 09:00 / 11.10.2021
Мулла Турғунмирза Аҳмадали домла 1906 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Иминжон маҳалласи, ҳозирги Қўқон кўчасида, Тожимирза ота хонадонларида дунёга келди. давоми...

3896 15:00 / 30.04.2022