1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 243-оят

16:48 / 26.03.2018 4097 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларни билмадингми?! Бас, Аллоҳ уларга: «Ўлингиз», – деди. Сўнгра уларни тирилтирди. Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу марҳаматлидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар. Бақара 243. 

Қуръони Карим ушбу воқеа ҳақида ҳикоя қилар экан, у қавмнинг номини, қаерда яшаганини, бу ҳодиса қачон рўй берганини айтмайди. Сабабини Аллоҳнинг Ўзи билади. Албатта, номини айтмаслиги ҳам беҳикмат эмас. Биз учун у ҳақда аниқ маълумотлар муҳим эмас, балки ушбу ҳодисадан ҳаётда ибрат олишимиз кераклиги муҳимдир.

«Диёрларидан ўлимдан қочиб чиққан мингларча кишиларни билмадингми?!»

Демак, бир вақтлар катта бир қавм ўлимдан қочиб, диёрларини ташлаб чиққан эканлар. Ўлимдан қочишларининг сабаби турлича бўлиши мумкин. Балки, вабо тарқалган бўлса, ўшандан қочишгандир. Ёки душман билан жанг қилиш керак бўлган бўлса, урушда ўлиб кетмайлик, деб қочишгандир. Хуллас, ўлимдан қочиб чиқишгани аниқ. Қизиқ, ўлимдан ҳам қочиб бўладими? Модомики, ушбу қавм қочган экан, кўрайлик-чи, кейин нима бўлди экан?

«Бас, Аллоҳ уларга: «Ўлингиз», – деди».

Қизиқ бўлди-ку, бечоралар ўлимдан қочиб, узоқ ҳаёт кўриш умидида чиқишган эди, мақсадларининг тескариси бўлди. «Ўлинг» деган бир оғиз сўз билан ўлиб қолишди. Демак, Аллоҳнинг қазои қадаридан қочиб бўлмас экан. Аллоҳдан ўзга қайтиб борадиган жой йўқ экан. Аллоҳнинг Ўзи хоҳлаган вақтида ўлдирар экан. Агар хоҳласа, ҳаётни ҳам беради:

«Сўнгра уларни тирилтирди».

Бу иш ҳам ибрат учун – ўлим ҳам, ҳаёт ҳам Аллоҳнинг қўлида эканини билдириш учундир:

«Албатта, Аллоҳ одамларга фазлу марҳаматлидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар».

Яъни ҳаёт бериб, тирилтириш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган фазли. Жонни олиб, ўлдириш ҳам Аллоҳнинг фазлидир. Икковида ҳам одамларга фойда бор. Лекин кўп одам буни тушунмайди ва шукр қилмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эсла, фаришталарга .Одамга сажда қилинглар, дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. Бақара 34.Фаришталарга давоми...

5479 10:05 / 15.08.2017
Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни хароб қилишга саъйshyҳаракат қилган кимсадан кўра золимроқ ким бор Ана ўшалар уларга фақат давоми...

6138 08:40 / 11.11.2017
Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш сизга ҳалол бўлмас, икковлари давоми...

6392 09:05 / 10.03.2018
Куфр келтирганлар худди қичқириқ ва сасдан бошқа нарсани эшитмайдиганларга бақираётган кишига ўхшайди. Кар, соқов ва кўрдирлар. Улар ақл юритмаслар. Бақара давоми...

4578 08:25 / 09.01.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021