1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Оила раҳбарлиги масаласи

09:04 / 24.09.2021 8227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир жамиятда раҳбар бўлиши керак бўлганидек, оила деб номланган кичик жамиятда ҳам раҳбар бўлиши лозим. Бу масалани бошқалар қандай ечганига назар соладиган бўлсак, турли халқлар турлича муносабатда бўлганларини кўрамиз. Кўпчилик инсонлар оила раҳбари эркак бўлиши кераклигини таъкидлашган. Тарихда, озчилик бўлса ҳам, оилада аёл киши раҳбар бўлиши керак, деганлар бўлган. Бугунги кунимизда тенгҳуқуқлилик кўпроқ илгари сурилмоқда.

Исломда эса, оила раҳбарлиги, масъулият сифатида, айнан эркакка юклатилган. Бу, албатта, Аллоҳ таолонинг амри ила бўлган.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун, эркаклар аёлларга раҳбардирлар» (34-оят).

Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимоти бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Fиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил, мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилган? Бу саволга ушбу ояти каримада шундай жавоб берилади:

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».

Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ таоло эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда.

Афсуски, кўп одамлар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида, бу раҳбарлик масъ улиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлга ҳомийликни, уни боқишни, муҳофаза қилишни адо этмоғи лозим.

Эркак айнан эркак бўлганлиги учун ҳам оила раҳбари қилинган. У оиланинг ҳимояси йўлида керак бўлса, ўзини қурбон ҳам қилади, эркакларга хос бўлган барча оғирликларни кўтаради, оилани нафақа билан таъминлайди, оила аъзоларига меҳр ва раҳм-шафқат кўрсатади. Уларга жабр-ситам ва зулм қилишга ҳаққи йўқ.

Таққослаш учун мисол келтириб ўтишга ижозат бергайсиз. Европада ҳам эркак оила раҳбари ҳисобланган. Унинг оила аъзолари устидаги ҳаққи шу даражага етганки, у раҳбар сифатида хотини ва болаларини сотиб юбориш ҳаққига ҳам эга бўлган. Англияда хотинини сотиш ҳаққи фақатгина 1805 йилда бекор қилинган. Аммо, инглизлар бу қонунга амал қилмай, хотинларини сотишни давом эттираверганлар. Масалан, 1931 йили бир инглиз ўз хотинини 500 фунтга сотган. Ушбу ва шунга ўхшаш ҳодисалар таъсири остида БМТ 1948 йили 14 декабрь куни инсон ҳуқуқлари баёнотини эълон қилди. Бу гаплар ҳаводан олингани йўқ, истаганлар В.Л.Дюрантнинг «Дунё тарихи» номли китобининг 21-бетига назар солиши мумкин.

Европада эркак билан тенг ишлаган аёл эркаклар оладиган иш ҳаққининг ярмини оларди. Аёл киши ўзи топган маблағни ўз ихтиёри билан сарфлаш ҳаққига эга эмас эди. Фақатгина 1942 йилга келиб, Францияда аёл эрининг ҳаққи аралашмаган молини ўзи ишлатиши мумкинлиги ҳақида қонун чиқди.

Шунинг учун ҳам ўша ерларда тенг ҳуқуқлилик ҳақида талаблар кучайди. Бу талаблар Америкага ҳам етиб боргандагина аёлга эркак оладиган иш ҳаққининг 57% ини олиш ҳаққи берилди.

Шундан кейин тенг ҳуқуқлилик ҳақидаги талаблар аёлнинг зиддига айланиб кетди. АҚШ конгресси давлат дастурига «Эркак ва аёл барча нарсада баробар» деган ўзгартириш киритишни талаб қилиб чиқди. Бунда миршаблик, аскарлик ва қамоқ каби масалаларда ҳам аёллар эркаклар билан тенг бўлиши кераклигини билган аёллар жамиятлари намойишлар уюштирганидан кейингина бу иш тўхтатилди.

Исломда эса, тенг ҳуқуқлилик керак бўлган жойда тенг ҳуқуқлилик жорий қилинган. Эркакка эркакларга мос ҳуқуқлар берилган ва мажбуриятлар юклатилган, аёлга аёлларга мос ҳуқуқлар берилган ва мажбуриятлар юклатилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Бахтиёр оли китобидан)



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эру хотин бирбирлари билан яқинлик қилаётган, жимоъ қилишаётган вақтида устларини чойшаб, кўрпа ёки шунга ўхшаш нарсалар билан ёпиниб олишлари мустаҳабдир. давоми...

7384 05:00 / 15.02.2017
Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. давоми...

7663 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. Тенги чиқса, текинга давоми...

5187 05:00 / 07.03.2017
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган. Чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканлигини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

4437 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021