1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 271-оят

09:45 / 04.05.2018 7462 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир. Бақара 271. 

Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади». Ояти каримада:

«Садақаларни ошкора қилсангиз, бу қандай ҳам яхши!» – дейилганида фарз садақалар кўзда тутилган.

«Агар уларни махфий қилсангиз…» дейилганида ихтиёрий садақалар кўзда тутилган.

«... ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир».

Яъни садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.

Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳлари ювилишига сабаб бўлади:

«Сиздан ёмонликларингизни кетказадир».

Бу ваъда ўз навбатида кишиларнинг қалбини ларзага солади, улардаги тақво ҳиссини зиёда қилади.

«Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир».

Ҳар бир амалингизга ўзига яраша мукофот ёки жазо беради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ушбу ояти кариманинг тафсирида қилинган ривоятда у киши айтадиларки:

«Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».

Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс туйғуларини йўқотиш керак бўлади. Иккинчидан, сахийлик даражасига етганларида риёкорликни йўқотиш учун ҳаракат қилмоқ лозим бўлади. Ҳаётий тажрибада ҳам мол сарфлашни йўлга қўйишдан кўра, риёдан қочишни йўлга қўйиш қийин экани кўрилган. Кишиларда қилган садақасини, яхшилигини одамлар билишини хоҳлаш табиати кучлидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда ихтилофга тушганингизни эсланг. Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқарувчидир. Бақара 72. Ҳа, Бану Исроил ўз ичидан бир одамни ўлдириб, давоми...

4295 09:00 / 23.09.2017
Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг давоми...

4704 07:25 / 04.02.2018
Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тормор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва Ўзи хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар давоми...

4115 23:35 / 03.04.2018
Бақара 187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ ўзингизга хиёнат давоми...

4251 19:30 / 25.01.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021