1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Мусулмонлар – васат уммат

16:11 / 06.05.2018 6228 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тушуниш осон бўлиши учун аввало Ислом умматининг васатия уммати эканлиги ҳақидаги маъно ила умумий тарзда танишиб олайлик. Тафсилотларга эса кейин ўтамиз.

Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қуръони Каримнинг Бақара сурасида:

«Шунингдекодамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта миллат қилдик», деган (143-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни ўрта, яъни васат уммат қилганини эълон қилмоқда. Биз «ўрта» деб таржима қилган сўз арабчада «васат» деб келган ва аввал таъкидланганидек, яхши, ўрта, марказ, мўътадил ва адолатли деган маъноларни англатади.

Ўрта, яъни васатни яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади.

Ўрта, яъни васатга адолат маъноси берилишининг сабаби эса, «ўрта» атрофларга нисбатан бир хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. «Ўрта»га мўътадиллик маъноси берилиши ҳам шунга ўхшайди.

Ислом уммати макон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Унинг қибласи, бошқача айтганда, диний маркази ернинг киндигида жойлашган. Шарқу ғарб, шимолу жанубнинг ўртасида.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида:

«Биз нозил қилган бу китоб муборакдирўзидан олдингини тасдиқловчидирУммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир», деган (92-оят).

Уммул Қуро деганда, Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган, дунё ва башарнинг биринчи уйи – Байтуллоҳ бор. Бу уйни Аллоҳ ҳамма учун суюкли ва омонлик маскани қилиб қўйган. Охирги Пайғамбарининг туғилиши ҳам худди шу шаҳарда бўлишини ирода қилган. Ўзининг охирги Китоби бўлмиш Қуръони Каримни ҳам шу шаҳарда нозил эта бошлаган. Бу Китобни нозил қилишдан мақсад, аввал айтилганидек:

«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир».

Ушбу жумланинг тафсири, у ҳақда айтилган фикр-мулоҳазаларни ўрганар эканмиз, Қуръони Карим ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканига, уни тушунишда одамлар илмига қараб турли ҳолларга тушишлари ҳам мумкинлигига ишонч ҳосил қиламиз. Ушбу оятлар нозил бўлган пайтда кишилар: «Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни Макка шаҳри ва унинг атрофини огоҳлантириш, тўғри йўлга солиш учун нозил қилибди», деб кетаверганлар. Кейинроқ баъзи Ислом душманлари: «Муҳаммад аввал бошда фақат Макка ва унинг атрофидаги баъзи жойларни қўлга олишни мақсад қилиб қўйган эди, шу боисдан ҳам Қуръоннинг дастлабки босқич оятларида: «Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир», дейилган», деб даъво қилганлар.

Мусулмон уламолар бундай душманларга қарши кучли ҳужжат-далиллар билан ўз вақтида жавоб берганлар: «Дастлабки оятларданоқ Ислом бутун дунё учун эканлигини билдирувчи очиқ-ойдин далиллар кўп, улардан: Анбиё сурасидаги «Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» ояти, Сабаъ сурасидаги «Биз сени барча одамларга фақат башоратчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик» оятлари ана шундай очиқ-ойдин далиллардир», деганлар.

Кейинроқ, илм тараққий этиб, жумладан, жуғрофия илмидаги буюк кашфиётлар натижасида олимлар Маккаи Мукаррама ер куррасидаги қуруқликнинг энг маркази – киндиги эканини аниқладилар. Бу кашфиётлардан сўнг шаҳар ва қишлоқларнинг шимолий қутб ва Маккаи Мукаррамага нисбатан жойлашиш даражасига қараб қиблани аниқлайдиган жадвал ва асбоблар ихтиро қилинди. Энг муҳими,

«Уммул Қуро (шаҳарлар онаси) ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир» деган ибора аслида бутун оламларни даъват қилиш учундир, деган маънода экани аён бўлди.

Ислом уммати замон жиҳатидан ҳам ўрта уммат ҳисобланади. Аллоҳ таоло инсоният униб-ўсиб, болалик, ўсмирлик ва ёшлик даврларини бошидан ўтказганидан сўнг, вояга етганида Исломни юборган. Энди қариб, қиёмат қоим бўлгунча бу уммат ўрталик ҳолида унга гувоҳ бўлиб туради.

Уламоларимиз васат – «ўрта уммат»нинг яна кўп ва улкан маънолар англатишини кенг ва батафсил баён қилганлар. Ислом уммати ҳақиқатан ҳам тўла маънода ўрта – мўътадил уммат. «Ўрта» деганда, яхшилик ва афзаллик маъноси ҳам, мўътадил ва адолатли маъноси ҳам ва ниҳоят, ҳиссиётда ўрталик маъноси ҳам тушунилаверади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(«Васатия – ҳаёт йўли» китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Ториқ ибн Сувайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраганида у зот наҳий давоми...

2229 09:08 / 27.02.2024
Бизнинг динимизда фақат мусулмон кексаларни эъзозлаш билан чегараланиб қолинмаган. Бу иш кенг миқёсда бўлиб, мусулмонлар билан бир диёрда яшаб турган давоми...

4685 21:52 / 08.05.2018
4653. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.У киши сафарни ирода қилган одамга .Менга яқин кел. Сен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ила давоми...

7394 19:14 / 21.03.2018
Ухлаб ётибсиз, Аллоҳ сизнинг туриб У учун намоз ўқишингизни яхши кўрди. Оҳиста бир шамолни юборади, у деразангизни ҳаракатлантиради ёки бир фарзандингизда давоми...

4118 14:00 / 14.03.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021