1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Юнус сураси, 11-оят

05:00 / 23.01.2017 5345 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар.


Аввалги сураларда ҳам бир неча бор айтиб ўтилганидек, араб мушриклари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан азобни тезроқ келтиришни талаб қилишар эди. Улар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан келган ваҳийни инкор этишда ўзларининг ҳақликларини исботлаш учун шундай талаб қўйишар эди. Яъни, сенга келган ваҳийда айтилган, кофир ва мушрикларга тушадиган азоб-уқубатдан қўрқмаймиз, чунки сенинг Пайғамбарлигингга ҳам, сенга келган ваҳийга ҳам ишонмаймиз, агар гапинг рост бўлса, ўша ваъда қилаёган азобингни тезроқ келтир, дейишар эди. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг талабларига нима учун шошилинч истижобат бўлмаслигини баён қилмоқда:

«Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатганида, ажаллари битган бўлур эди».

Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.

Ҳофиз Абу Бакр Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Ўз зиддингизга дуо қилманг, фарзандларингиз зиддига дуо қилманг, молу мулкингиз зиддига дуо қилманг. Яна Аллоҳдан ижобат бўладиган соатга тўғри келиб, дуоингиз қабул бўлиб қолмасин».

Инсон аччиғи чиққан пайтида саркашлиги қўзиб, оғзига нима келса, гапираверади-ю, аслида, бошига бир оз мушкуллик, мусибат етса, дарҳол ундан қутқазишини сўраб Аллоҳга ёлборишга тушади. Бу пайтда унинг ҳақиқати кашф бўлади. Аммо инсон шу даражада ўзгарувчанки, бошидан бало-офат кўтарилиши билан яна аввалги ҳолига қайтиб олади.

Ҳа, сабрсиз инсоннинг ўзига ёмонлик тилаб қилган ҳар бир дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилаверганда, одамларнинг ажаллари битган бўлар эди.

«Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар».

Яъни, Аллоҳ таоло охиратда Ўзига рўбарў бўлишга ишонмайдиган кофирларни кофирлик–ҳаддан ошганлик ҳолларида тек қўйиб қўяди. Улар эса, тўғри йўлни топа олмай турли жойларга бошларини уриб юраверадилар. Ҳеч қачон тўғри йўлни–нажот йўлини топа олмайдилар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг ҳеч бирида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

10368 20:00 / 06.05.2019
25. Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила давоми...

4619 05:00 / 23.01.2017
.Улуми Қуръон, мутахассислари Қуръони карим оятларидан қай бири аввал ва қай бири охири нозил бўлгани ҳақида ҳам жиддий изланишлар олиб борганлар. Чунки кўп бор давоми...

10227 19:50 / 29.04.2019
Имом Термизий ва Ибн Абу Ҳотим Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши қуйидагиларни айтадилар.Абдурраҳмон ибн Авф таом қилиб, давоми...

6699 20:10 / 22.04.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021