1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ҳамюртимиз хорижда «Тафсири Ҳилол»дан диссертация ёқлаб магистр бўлди

13:16 / 11.08.2018 5523 pdf Ўқиш режими + -

Яқинда ҳамюртимиз Абдулҳафиз Абдураимов Туркиянинг Бурса шаҳридаги Улудағ университети Илоҳиёт бўлимида «Ўзбек муфассири Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» номли асарида Қуръонни тафсирлаш методи» (Özbek Müfessir Muhammed Sâdık Muhammed Yusuf’un Tefsîr-i Hilâl Adlı Eserinde Kur’ân’ı Yorumlama Yöntemi) номли магистрлик диссертациясини муваффақият ила ҳимоя қилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ етук аллома, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, ўз замонасидаги Ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, Собиқ иттифоқ Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, Мовароуннаҳр халқларининг диний раҳнамоси эди.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бутун умрини «Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенглик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» шиори остида Аллоҳ таолонинг ҳақ динига, У Зотнинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган рисолатни тарғиб қилишга бахшида қилган саодатманд инсон эди.

Албатта, ана шундай фақиҳ, улуғ олимнинг йирик асари саналмиш «Тафсири Ҳилол» устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш жуда катта бахт ва неъматдир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мазкур олти жилдлик асари бугунги кунда ўзбек тилида ёзилган илк тафсирдир.

Магистрлик диссертацияси ҳимоясига Туркиянинг Анқара шаҳрида «Тафсири Ҳилол» асарига бағишлаб докторлик диссертациясини ёқлаш арафасида турган Ҳожи Акбар Фарғоний ҳам ташриф буюрди. Бу нафақат ҳамюртимиз Абдулҳафиз Абдураимовга нисбатан ҳурмат, мадад, балки етук аллома,  муфассир шайх ҳазратимизга нисбатан юксак эҳтиром белгиси ҳам эди.

Islom.uz портали таҳририяти бўлажак олим билан боғланиб, якунига етган ушбу хайрли иш ҳақидаги таассуротлари билан яқиндан ўртоқлашди.

– «Тафсири Ҳилол» хайрли ишларнинг дебочаси бўлди, – дейди Абдулҳафиз Абдураимов. – Дарҳақиқат, у ҳилол мисоли халқимиз маънавиятига нур сочиб турибди.  Асар ҳали қадриятларимиз осмонида янада нурафшонроқ нур таратиб, порлаб туради. Тафсир динимиз асосларини ўрганувчи ҳар бир мўмин-мусулмон учун ўзига хос дастур саналади.

Диссертациядан кўзланган асл мақсад, аввало, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мазкур йирик асарини дунёга, хусусан турк дунёсига танитиш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш бўлса, иккинчи жиҳати, у кишининг Қуръони каримни тафсирлашдаги илм, маҳоратлари, зукколиклари, қолаверса, ўзига хос услубларини очиб беришдан иборат эди.

Мен ана шу жараёнга илмий нуқтаи назардан ёндашишни, тафсир қилишнинг нозик жиҳатларини, нуқталарини тадқиқ этишни лозим топдим. Албатта, бу жуда катта масъулият, оғир юк. Бу ишни ўз маромига етказиб бажара олдим, деб айта олмайман. Чунки, улуғ муфассирнинг ҳаёти ва ёзиб қолдирган диний-илмий мерослари, бу йўлдаги хизматлари кенг қамровли ва ғоятда улкандир. Ўйлайманки, ҳазратнинг илмий мерослари асосида ҳали юзлаб диссертациялар ёзилади,  минглаб китоблар нашр қилинади.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.

Фурсатдан фойдаланиб, мазкур диссертацияни ёзиш, унинг устида ишлаш давомида менга яқиндан кўмак берган, маънан ва фикран қўллаб-қувватлаган фазилатли шайхимизнинг фарзандлари Исмоилжон Муҳаммад Юсуф ва Одинахон Муҳаммад Юсуфларга, «Hilol-nashr» нашриёт матбааси ҳайъатига,  Одилхон Ҳамидов, Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид ва Абдулҳодий Ғиёсов каби устозларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Барчаларига Аллоҳдан барокатли ва саодатли умр тилайман!

Islom.uz портали таҳририяти

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони мамлакатининг Мадина шаҳрида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида, ҳижрий сана бўйича муҳаррам ойининг 26 санасидан сафар давоми...

3942 10:40 / 11.10.2018
Науру ndash Тинч океанининг жанубий қисмидаги орол давлат бўлиб, узунлиги 6х4 км. Ҳозир бу оролда 12,8 минг киши истиқомат қилади. Бугунги кунда, аҳоли жон бошига ялпи давоми...

3658 11:43 / 09.10.2023
Норвегия статистика маълумотларидан олинган хабарларга кўра, бугунги кунда Норвегияда 175,5 минг киши мусулмон динига аъзо сифатида рўйхатга олинган. Бу ҳақда давоми...

2307 12:30 / 11.12.2019
Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илмий ва маданий меросига давоми...

1190 21:22 / 09.02.2025
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021