1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

"Қабримни ҳам иқтисодли қилинг!"

19:07 / 01.12.2018 3195 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ва ҳадисларида ҳам исроф қаттиқ қораланган. Ушбу ўринда баъзи ҳадиси шарифларни эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.

Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтаётиб: «Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?» дедилар. «Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди у. «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам», дедилар у зот». 

Маълумки, ғусл ва таҳорат мусулмон бандаларга фарз ибодатлардир. Шу нарсаларда исроф жоиз бўлмаганидан кейин, ибодат саналмаган бошқа ишларда албатта мумкин эмас.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмаган ҳолда инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлур. Унинг эрига касб қилгани туфайли ажр бўлур. Хазиначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмасалар», дедилар». 

Бешовлари ривоят қилишган. 

Ушбу ҳадиси шарифда қилинган инфоқ туфайли ажр оладиган кишилар доираси анча кенг эканлиги баён қилинмоқда. Аёл киши уйидаги таомдан инфоқ қилса, ажру савоб фақат ўзига эмас, балки унинг эрига ҳам тегар экан. Чунки одатда, таомнинг масаллиғи учун эр хизмат қилган бўлади. Шунингдек, ушбу таомни сақлаб турган уйдаги хизматчи-омборчи ҳам ўзига яраша ажр олади. Хотинга – инфоқ қилгани учун, эрга – топиб келгани учун, ходимга – сақлаб тургани учун, хуллас, ҳаммага ўзига яраша ажр берилади. Фақат аёлга бир шарт бор экан: инфоқ қилганда ҳаддан ошириб исроф қилмаслиги керак экан. Чунки исрофчилик аёлларнинг табиатида бор нарса. Ёки умуман инфоқ қилмай, мумсик бўлишади ёки инфоқ қилса, исрофга йўл қўйишади. Мўмина-муслима аёллар эса бошқа ҳамма соҳалардаги каби, бу ишда ҳам ўртача, мўътадил иш тутишлари лозим экан.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: 

«Мен фақирман. Менинг ҳеч нарсам йўқ. Қарамоғимда бир етим бор», деди. Шунда у зот:

«Етимингнинг молидан исроф қилмай, шошилмай ва ўзингники қилиб олмай егин», дедилар». 

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар, исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас», дедилар».

Мазкур ҳадисларда исроф қилмаслик алоҳида таъкидланмоқда. Бу жуда ҳам муҳим ишдир, чунки исроф туфайли исрофчининг ўзига ҳам, оиласига ҳам, жамиятига ҳам зарар етади. Бу иш берилган неъматга ношукрлик бўлади.

Улуғ кишиларимиз ҳар бир нарсада исрофдан қочганлар. Ибн Абу Дунё Яҳъё ибн Абу Рошид Басрийдан ривоят қилади:

«Умар ўз ўғлига деди: «Кафанимда исроф қилманглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга унинг бадалига ундан кўра яхши нарсани беради. Агар ундан бошқача бўлсам, мени шилиб олади ва шилишни зудлик ила қилади. Қабримни ҳам иқтисодли қилинглар. Агар мен учун Аллоҳнинг ҳузурида яхшилик бўлса, менга уни кўзим етадиган жойгача кенг қилиб қўяди. Агар ундан бошқача бўлсам, уни менга тор қилиб, қовурғаларимни бир-бирига киритиб юборади...»

Ҳазрати Умардек улуғ зот кафанда исрофга йўл қўймаслик, тежамкор бўлиш ҳақида васият қилмоқдалар. У киши ўзларига гўр қазишда ҳам исрофга йўл қўймасликни, тежамкор бўлишни буюрмоқдалар.

Бу ҳар бир мусулмон ибрат олиши лозим бўлган ҳақиқатдир.

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савдогар танишларимдан бири айтади.Катта Дамашқ бозоридаги тожирлардан бирининг олдига кирдим. Уни жуда яхши танирдим. У катта савдогарлардан бўлиб, тўрт давоми...

2742 16:00 / 10.09.2021
Маслама ибн Абдуллоҳ бир қалъани қамал қилди. Девордан туйнук қазиб кирмоқчи бўлишган эди, ҳеч ким кира олмади. Шунда қалъага ниқоб таққан бир киши кирди. У сабабли давоми...

1726 08:00 / 27.10.2020
Муовиянинг олдига ироқликларнинг вакиллари келишди. Уларнинг орасида Аҳнаф ҳам бор эди. Бир киши туриб, .Мўминларнинг амири сизларга ҳеч ким ўзидан бошқа одам давоми...

2556 08:00 / 08.07.2020
Ҳаммод ибн Довуд Тағлибийдан ривоят қилинади.Бир куни Мисъар ибн Кидом қабристонга чиқди. Қараса, бир киши қуёшга қараб шеър айтаётган эканҚиш келди, аммо бир давоми...

3091 08:13 / 28.03.2020
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021