1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аҳлимизни қандай сақлаймиз?

20:40 / 06.01.2019 8203 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар кишининг хотини ва фарзандлари намоз ўқимаса, қиёматда эркак киши улар учун жавобгар бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Албатта жавобгар бўлади.

ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда.

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг».

Мазкур дўзах оловидан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират оташ-олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади. Унинг ёқилғиси одамлардан ва тошдан иборат бўлади. Яъни бу дунёда иймонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Фақат инсон танасининг ўзи куйса, унча қизимай қолмасин, деб тош ҳам қўшимча ёқилғи қилинади. Эҳтимол, ушбу оятлар нозил бўлган даврда тошнинг ёқилғи бўлиши кишиларнинг тасаввурига келмагандир. Аммо тошкўмир чиққандан кейин тош қанчалик юқори иссиқлик берувчи ёқилғи экани ҳаммага маълум бўлди.

Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони – унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир.

«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».

Улардан ҳеч ким қочиб, қутула олмайди. Шу билан бирга, мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлақ итоатдадирлар, нимага амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар.

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота фарзандлари учун ҳам масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносидаги ҳадиси шарифлар ҳам бор.

Ҳазрати Умар ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз нафсимизнику сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар.

Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг, шоядки, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса», деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар.

Демак, ҳар биримиз хотинимиз, ўғлимиз, қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо ўз вақтида бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш ҳам отаонанинг бурчи ва болаларнинг ҳаққидир.Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ давоми...

4130 14:02 / 06.11.2018
Қуръони Каримда бирбирига душман бўлган ва бирбиридан нафратланганларни яраштирилгани ҳақидаги оят мавжуд. Бу оят нозил бўлиши ўз тарихига эга.Пайғамбаримиз давоми...

31872 11:05 / 11.08.2019
Саҳобаларнинг ҳаётини тинглаб туриб, киши ўйланиб қолади Улар ҳам мусулмон бўлишган, биз ҳам мусулмонмиз. Улар ҳам Қуръон ўқишган, биз ҳам ҳар куни Аллоҳнинг давоми...

7506 08:45 / 07.02.2019
Одам боласи шуҳрат ва риёсат кетидан қувадиган бўлса, хатолари кўпайиши ва ношаръий ишларни қилиши эҳтимоли кучаяди. Шуҳратпарастлик ва мансабпарастлик ўз давоми...

5086 18:00 / 23.01.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021