Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (105-дарс). Хабарлар ва нақлларни текшириш

13:02 / 12.10.2020 4576 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Ўзи кўрмаган ва эшитмаган нарсалар ҳақидаги хабар ҳамда нақлларни бошқалардан эшитиш одам учун ўзига нисбатан ғайб бўлган нарсани билишдир. Ўзи гувоҳи бўлмаган нарсалар ҳақида маълумот олиш ҳам шу доирага киради. Ўтмишни ўрганишда мусулмонлардан бошқалар асосан ўша даврга оид осори атиқалар, хабарлар ва ҳужжатларни ўрганган боҳис – мутахассисларнинг хулосасига суянадилар.

Мисол учун, «Бошқалар орасида қадимда фалон жойнинг аҳолиси қайси динда бўлган?» деган савол кўндаланг қўйилди. Бу саволга қандай йўл билан жавоб берилади?

Бунинг учун ўша жойдаги қадимги топилмаларни ўрганган олим «Бу ердан фалон диндаги кишиларнинг диний анжоми топилди, демак, бу ернинг аҳолиси ўша динда бўлган», деган илмий кашфиётни қилади. Мазкур кашфиёт кўпчиликка илмий ҳақиқат сифатида тақдим этилади. Бу кашфиётга ишонмаганлар «илм душмани» деб эълон қилинади.

Бир неча йиллардан кейин худди ўша топилмаларни бошқа бир боҳис ўрганади. У ҳалиги диний анжомлар ўтроқ одамларга тегишли эмас, балки кўчманчиларники эканлигини кашф қилади. Ерлик аҳолининг дини эса бошқа дин бўлганлигини эълон қилади. Бу олим ҳам ўзининг ўтмишдоши каби илмий унвон олади. Мазкур кашфиёт кўпчиликка илмий ҳақиқат сифатида тақдим этилади. Бу кашфиётга ишонмаганлар «илм душмани» деб эълон қилинади.

Ўтмишдан етиб келган оғзаки хабарларни ўрганиш ҳам юқоридагига ўхшаш бўлади. Хабарнинг ўзини олиб таҳлил қилинаверади. Мазкур хабардан турли фикр ва мулоҳазалар ҳамда илмий хулосалар чиқарилади. Ўша ишни қилган одам олим ҳисобланади, илмий унвонлар олади. Аммо ҳеч ким бу хабар кимлар орқали, қандай йўл билан олимга етиб келганини суриштирмайди ҳам. Тўғри, мазкур хабарни олим қишлоқ ёки шаҳарнинг қариясидан эшитгани, қария эса ёшлик чоғида катталардан эшитгани илмий омонат юзасидан зикр қилинади. Аммо қариянинг илмий омонати ёки катталарнинг хабар нақл қилишга бўлган салоҳиятлари ҳақида ҳеч нарса айтилмайди.

Энди ўтмиш ҳақидаги ёки бошқа бирор маълумот ҳақидаги ҳужжатларни ўрганишга келайлик. Мусулмонлардан бошқаларда фалон жойда қўлёзма топилади. Мутахассислар унинг қоғозини текшириб кўриб, фалон асрга оид эканини аниқлайдилар. Қўлёзмадаги маълумотлар катта илмий кашфиёт бўлади. Уларни ўрганиш орқали инсониятнинг фалон соҳадаги илми яна ҳам бойийдиган бўлади ва ҳоказо.

Қарабсизки, қўлёзмани ўрганган олим илмий унвонларга сазовор бўлади. Илмий асарлар ёзилади. Маърузалар ўқилади. Анжуманлар ўтказилади ва ҳоказо.

Аммо ҳеч ким қўлёзманинг олимнинг қўлига етиб келгунча босиб ўтган йўли, у кимларнинг қўлига тушгани, улар ким экани ҳақида бир оғиз ҳам гапирмайди.

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва гўзал амал қилувчи мўминларни Аллоҳ таоло афв этиб, Ўз раҳмати ила жаннатга киритишини умид қиламиз ва улар ҳақида хотиржам бўла олмаймиз, жаннатга киришларига давоми...

6556 13:45 / 27.05.2019
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши хутба қилаётиб .Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг .Албатта, аҳли дўзахнинг энг оз азобланадигани давоми...

5504 19:09 / 02.12.2016
Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу энг ёмон маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади.Бу дунёга давоми...

6540 23:25 / 29.04.2017
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлХолиқ Бу исмнинг маъноси асли ва ўхшаши йўқ нарсанинг ўлчовини мос қилиб яратувчидир.Аллоҳ махлуқотларни яратишдан олдин ҳам Холиқ давоми...

12411 08:23 / 20.04.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021