1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бир ҳадис шарҳи

08:45 / 11.02.2019 3555 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввало у киши билан танишиб олайлик:

Саҳл ибн Ҳунайф ибн Ваҳб Авсий ал-Ансорий, кунялари Абу Саъийд.

Исломга биринчилардан бўлиб кирган саҳобалардан. Бадр ғазотида иштирок этганлар. Уҳуд ғазоти куни айтилган вазифада собит туриб, сўнг бошқа ҳамма ғазотларда иштирок этганлар. Муҳожир Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан исломий биродар бўлганлар, Ислом йўлида ҳамма қийинчиликларга чидашга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганлар.

Ҳазрати Али Мадинадан Басрага кўчганларида Саҳл розияллоҳу анҳу у кишининг ўринларига Мадинада бошлиқ бўлиб қолганлар.

У киши Сиффийн жангида Али розияллоҳу анҳу билан бирга бўлганлар, Форс шаҳарларига волий бўлган саҳобалардан эдилар.

Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 40 та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан Абу Воил, Абийд ибн Саббоқ, Абдурроҳман ибн Абу Лайло, ўғиллари Абу Умома ва бошқалар ривоят қилдилар.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 38-санасида Куфада вафот этдилар. У кишига Али розияллоҳу анҳу жаноза ўқидилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида сидқидилдан қилинган ниятнинг қанчалар фазилатли эканлигини баён қилмоқдалар. Ушбу ҳадисдан мусулмон одам улуғ мақомларга эришишни сидқидилдан тилаб юриши лозимлигини тушуниб оламиз. Чин дилдан сўралмаса, ҳеч бир нарсага эришиб бўлмайди. Жумладан, Исломда банда учун энг олий мартаба ҳисобланган шаҳидлик мартабасига ҳам ана шундай тилак орқали эришилади. Чунки шундай тилак бўлмаса, ҳеч ким жиҳодга чиқиб, ўлимнинг юзига тик боқа олмайди.

Ушбу ва бошқа ҳадислардаги сидқидилдан ният қилиш маъноси банданинг бировга билдирмай, холис қалб ила ўзи билан Аллоҳ ўртасида аҳд қилишидир. Агар бу нарса бошқа бировга билдирилса, риёга айланиб қолади. Шунинг учун ҳам шундай ният қилган одамга шаҳидлик мартабаси ваъда қилинмоқда. Агар нияти амалга ошиб, жиҳодга чиқиб, шаҳид бўлса, айни муддао. Аммо жиҳодга чиқа олмасаю, уйидаги кўрпа-тўшаги устида ўлиб қолса ҳам, сидқидилдан қилган нияти туфайли шаҳидлик даражасига эришади.

Демак, биз ҳам доимо чин қалбдан, сидқидилдан Аллоҳ йўлида хизмат қилишни, зарурат туғилса, шаҳид бўлишни тилаб яшамоғимиз лозим.

Эҳтимол, бугунги ҳаётимиздаги муваффақиятсизликларимизнинг сабаби ниятларнинг сидқидилдан бўлмаётганлигидандир. Ниятимиз бузилиб, Аллоҳнинг розилигини эмас, бошқа нарсаларни тилашимиздандир. Шунинг учун ниятимизни холис қилайлик!

Шу ҳадис Термизий келтирган ривоятда:

«Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради», деб келтирилган.

Бу ривоят аввалги маънони таъкидлайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Абу Зинод айтади .Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўйлаклари қолган эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлдирилганда ўша давоми...

2077 08:00 / 10.09.2020
Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Кимдир устозидан касбҳунар ўрганса, яна мактаб ва олий ўқув юртларида ундан илм таҳсил олади. Хуллас, бирон инсон йўқки, давоми...

2929 15:02 / 30.09.2020
Яҳё ибн Саъид айтади .Уҳуд жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким менга Саъд ибн Рабиъ ҳақида хабар келтиради, дедилар. Бир киши .Мен, эй Аллоҳнинг давоми...

3034 08:00 / 05.11.2019
Халқимизда .Бола азиз, одоби ундан азиз,, деган нақл бор. Дарақиқат, ҳозирги ахборот хуружлари, турли қараш ва тушунчалар авж олган замонда фарзандларимизга қандай давоми...

3219 09:00 / 09.07.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021