1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Гуноҳларнинг қисмлари

12:10 / 28.04.2019 4043 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламоларимиз банда содир этадиган гуноҳлар асосан унинг қуйидаги тўрт сифатидан келиб чиқишини таъкидлаганлар:

1. Ҳайвоний сифатлар.

Бу турдаги сифатлардан турли ёмонликлар, қорин ва фарж шаҳватига ҳирс қўйиш, зино, баччабозлик, ўғрилик ва ҳаромдан мол топиш каби гуноҳлар келиб чиқади.

2. Йиртқичлик сифатлари.

Бу хилдаги сифатлардан ғазаб, ҳиқд, одам уриш ва ўлдириш, бировларнинг молини тортиб олиш каби гуноҳлар келиб чиқади.

3. Шайтоний сифатлар.

Булардан ҳасад, макр, ҳийла, алдамчилик, мунофиқлик, бузғунчиликка бошлаш каби гуноҳлар келиб чиқади.

4. Рубубият сифатлари.

Бу сифатларни қўполроқ таржима қиладиган бўлсак, ўзини Роббнинг ўрнида ҳис қилиш маъноси келиб чиқади. Улардан кибр, фахр, мақтовни ёқтириш, иззатталаблик, ўзини юқори қўйиш каби гуноҳлар келиб чиқади. Улар бандани ҳалокатга элтувчи гуноҳлардир. Баъзи ғофил бандалар буларни гуноҳ деб билмайдилар.

Ушбу тўрт хилдаги сифатлар бирин-кетин, даражама-даража ривожланиб боради. Аввал ҳайвоний сифатлар пайдо бўлади, унинг ортидан йиртқичлик сифатлари юзага чиқади. Иккиси қўшилиб ақлни макр, ҳийла ва алдамчилик каби шайтоний сифатларга тортади. Охир-оқибат рубубият сифатлари ғолиб бўлади.

Юқорида зикр қилинганлар гуноҳларнинг оналаридир. Улардан сон-саноқсиз, қум-қум бўлиб болалари туғилади. Гуноҳ қилиш ҳақида фикрлаш ва бидъат ҳамда нифоққа ўхшаш гуноҳлар қалбдаги гуноҳлардир. Шунингдек, кўз, қулоқ, тил, қорин, фарж, қўл, оёқ каби аъзоларга оид гуноҳлар ҳам бор.

Гуноҳлар ҳақ эгаси эътиборидан иккига тақсимланади:

1. Одамларнинг ҳақларига боғлиқ гуноҳлар.

Бу турдаги гуноҳларнинг иши қийин. Ҳақ эгаси бўлган банда кечирмагунича, уларни мағфират қилинмайди.

2. Аллоҳ таоло билан банда орасидаги ҳаққа оид гуноҳлар.

Бу тоифадаги гуноҳларнинг кечирилишидан умидворлик кўпроқ. Аммо гуноҳ Аллоҳ таолога ширк келтириш бўлса, бу ҳам кечирилмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги девонлар (номаи аъмол) учтадир: Аллоҳ унча эътибор бермайдиган девон, Аллоҳ бирор нарсасини тарк қилмайдиган девон, Аллоҳ мағфират қилмайдиган девон.

Аллоҳ мағфират қилмайдиган девон ширкдир. 

Аллоҳ азза ва жалла: 

«Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», деган.

Аллоҳ унча эътибор бермайдиган девон банданинг ўзи билан Робби орасидаги бир кун тарк қилган рўза ёки намоз каби нарсада ўзига зулм қилишидир. Аллоҳ азза ва жалла хоҳласа, уни мағфират қилиб, кечириб юборади.

Аллоҳ бирор нарсаси тарк қилинмайдиган девон эса бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир. Бунда қасосдан бошқа илож йўқ». 

Имом Аҳмад ривоят қилган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу воқеа Карнатакадаги Комбару қўриқхонасига туташ сув омборида содир бўлган. Бир қоплон итга ташланаётган эди. Ит бечора эса ундан қочиб, дераза орқали давоми...

2806 16:00 / 24.01.2023
Туркиядаги даҳшатли зилзиладан кейин кўпчилик инсониятнинг жуда ожиз эканини ҳис қилди, ўз кўзи билан кўрди. ХХI асрнинг тараққиёт меваларидан анчайин насибадор давоми...

2156 16:00 / 13.02.2023
Аллоҳ таоло Моида сурасида шундай марҳамат қилади ٩٠ ٩١.Эй имон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. давоми...

2283 13:00 / 06.12.2021
Нафснинг Аллоҳга етишувидаги кўтарилиш босқичлари1. Нафсул аммора mdash .Ёмонликка кўп ундовчи нафс,..Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп давоми...

5274 15:00 / 09.05.2022