1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сармоя ва фойда хусусидаги шерикчилик

11:05 / 19.12.2019 2801 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ширкат» луғатда «аралашиб кетиш» маъносини англатади.

Шариатда эса ширкат деб сармоя ва фойда хусусида шерик бўлганлар орасидаги ақдга айтилади.

Ширкат муомаласи Қуръони Каримда зикр қилинган.

Аллоҳ таоло:

«Улар учдан бирига шерикдирлар», деган (Нисо сураси, 12-оят).

Яъни меросга қолган молнинг учдан бирига шерик бўлиб, молик бўлурлар, деганидир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:

«Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина мустасно. Улар жуда ҳам оз», деган (Сод сураси, 24-оят).

Ислом уммати доимо мол-мулкда, молиявий муомалаларда шерикликни маъқуллаб келган. Чунки модомики, кишилар бир жамиятда яшар эканлар, бундай ишга муҳтождирлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «قَالَ اللهُ تَعَالَى: أَنَا ثَالِثُ الشَّرِيكَيْنِ مَا لَمْ يَخُنْ أَحَدُهُمَا صَاحِبَهُ، فَإِذَا خَانَهُ خَرَجْتُ مِنْ بَيْنِهِمَا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِسَنَدٍ صَحِيْحٍ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло: «Мен икки шерикнинг, модомики, уларнинг бири ўз шеригига хиёнат қилмаса, учинчисидирман. Бас, қачон унга хиёнат қилса, ораларидан чиқурман», дейди».

Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси қудсийда шерик бўлганларнинг бир-бирларига хиёнат қилмасликлари ҳақида қаттиқ таъкидлаш бор.

Агар шериклар бир-бирининг ҳақига кўз олайтирмаса, поймол қилмаса, Аллоҳ таоло улар билан бирга бўлади. Хайр-барака бирга бўлади.

Агар шериклар бир-бирларига хиёнат қилсалар, Аллоҳ таоло уларнинг орасидан чиқади. Уларнинг ширкатидан хайр-барака ҳам кўтарилади.

Сўнг уларнинг орасига шайтон киради, ширкатлари эса таназзулга юз тутади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: أَعْطَى رَسُولُ اللهِ ﷺخَيْبَرَ الْيَهُودَ أَنْ يَعْمَلُوهَا، وَيَزْرَعُوهَا، وَلَهُمْ شَطْرُ مَا يَخْرُجُ مِنْهَا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни яҳудийларга у ерда ишлаб, зироатчилик қилишлари учун бердилар. У ердан чиқадиган нарсанинг ярми уларга бўладиган бўлди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Мадинаи Мунаввара яқинидаги Хайбар номли жойда яҳудийлар яшаган. Уларнинг хиёнатлари сабабли мусулмонлар билан ораларида уруш чиққан. Урушда улар енгилиб, ерлари ўлжа сифатида мусулмонларга ўтган. Ана шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар билан шартнома тузиб, ўша ерларни уларга деҳқончилик қилиш учун берганлар. Чиққан маҳсулот ўртада тенг тақсимланадиган бўлган.

Ислом шариатида ширкатлар ишига катта эътибор берилган. Чунки эркин иқтисодий ривожланиш асосан ширкатларга боғлиқ. Кўпчилик бир ўзи бирор ишни юритиши қийин. Ширкат бўлганда эса иш осонлашади. Шунинг учун ҳам эски фиқҳ китобларини варақлайдиган бўлсак, бу масалада жуда кўп фойдали маслаҳатларни кўрамиз. Мусулмон кишилар топган молу мулклари ҳалол-пок бўлишини истасалар, бошқа иқтисодий фаолиятлари қатори, ширкат ишларида ҳам шариат кўрсатмаларига амал қилмоқлари лозим.

Ислом шариати нуқтаи назарида ширкатлар иқтисодий ривожнинг энг муҳим асосларидан ҳисобланади. Чунки уларда шериклик асосида кишилар ўз фикрлари, ишлари, сармоялари ила кўпчилик билан ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб иқтисодий фаолият олиб борадилар. Шунинг учун ҳам улардан кўп фойда келади. Лекин бу ишда ҳам ҳалоллик керак, хиёнат бўлмаслиги лозим.

Бизга ватандошларимиздан бўлган мурожаатларнинг кўпчилиги музораба ширкати ҳақида бўлганини эътиборга олиб, ширкат ҳақида батафсил маълумот тақдим қилишга қарор этдик.

«Бозор ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мозийга қайтиб, унга бир назар солсак. Фақиҳ уламолардан бири Али ибн Абу Зиё Нуриддин ашШабромаллисий алҚоҳирий ҳазратлари 997 ҳижрий, 1589 мелодий санада давоми...

7229 10:11 / 14.12.2018
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадиларСаид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар .У зот Аллоҳ таолонинг .Дарҳақиқат, Биз сизга етти давоми...

2282 17:00 / 06.12.2020
Суфён ибн Ҳусайн айтади .Умар ибн Абдулазиз бир куни йиғлаб уйғонди. .Эй мўминларнинг амири, сизга нима бўлди, дейишди. .Тушимда бир чолни кўрдим, у менинг олдимга давоми...

2261 09:08 / 08.12.2019
Бир туп дарахт бизга байъат ва сулҳ ҳақида ҳикоя қилиб беради.Араб жазирасида довдарахт кам. Мен ана шу дарахтларнинг бириман. Менинг остимда тарихий бир воқеа давоми...

4477 16:20 / 26.02.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021