1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Тарбиянинг бир қисми болага одоб ўргатишдир (биринчи мақола)

15:45 / 28.03.2020 3343 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишга одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи, аслида, «маъдаба» ўзагидан олинган. «Маъдаба» сўзи одамлар даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба» – зиёфат бўлганлиги учун шу номни олган.

Абу Муҳаммад «Китобул Воҳий» номли асарларида: «Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун «одоб» деб номланган», – дейдилар.

Абу Зайд роҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир», – деганлар.

Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган:

«Мақтовга сазовор сўз ва амални қилиш одобдир».

«Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир».

«Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир».

Бу ва шунга ўхшаш таърифлар тўпланганда Исломда кўзланган «одоб» таърифи юзага келади.

Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади.

Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Исломда кишининг ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг асосини ва кўпчилигини Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил қилади, деган гапда заррача муболаға йўқ.

Аввало тарбия ва одоб масаласида ота‑онанинг ўзи болаларга яхши намуна бўлиши керак.

Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб:

«Бери кел, бир нарса бераман», – деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Нима бермоқчисан?», – дедилар.

«Мен унга хурмо бермоқчи эдим», – деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аммо, агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди», – дедилар».

Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз гапида ҳам бола тарбиясига катта таъсир қиладиган омил борлиги уқтирилмоқда. Одатда оналар болаларини гапларига киргиза олмаслар, алдашга ўтадилар. Бирор нарса бериш ваъдаси ила алдаб, ушлаб олиб, калтаклашга тушадилар. Аслида эса, шу ишлари билан болаларининг тарбиясига зарар етказаётган, уларга ёмон намуна кўрсатаётган бўладилар. Ҳар бир бола учун унинг ота‑онаси дунёдаги энг улуғ кишилар бўлади. Бола ота‑онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Ана ўша боланинг назаридаги энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдагандан кейин, болада, мен ҳам шундай қилсам бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлиши табиий.

Шунинг учун ҳам ота‑она болаларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота‑она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота‑онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир.

Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди», – дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир», – дедилар».

Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

 (Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Совчилик отаоналар ёки ишбошилар томонидан амалга оширилиши ва уларга жавоб бериш ҳам шу тариқа бўлиши мусулмон халқларнинг оммавий одатларидан бўлиб қолган, давоми...

5942 10:00 / 03.01.2025
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

5220 14:00 / 23.02.2019
Ушбу турдаги ҳақлар эрга ҳам, хотинга ҳам бир тарафдан ҳақ бўлса, иккинчи тарафдан мажбурият ҳисобланадиган нарсалардир. Икки тараф ҳам мазкур ҳақдан баҳраманд давоми...

4352 17:30 / 12.05.2019
Динимизда оилалар тинч бўлиши учун эркак ва аёлга ҳуқуқлар берилиши билан бирга уларнинг зиммасига масъулиятлар юкланган. Эрхотин динимиз кўрсатмаларига амал давоми...

7775 17:00 / 17.07.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021