1447 йил 19 зулқаъда | 2026 йил 06 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

81-боб. Чала туғилган боласи ўлган киши

18:01 / 28.03.2020 4060 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳл ибн Ҳанзолийядан ривоят қилинади:

«У бефарзанд эди ва: «Исломда эканимда бир болам чала туғилиб (яшамаса), бунга савоб умидида сабр қилишим мен учун дунё ва ундаги ҳамма нарсадан маҳбуброқдир», дерди».

Демак, боласи чала ёки ўлик туғилган ота-оналар бунга савоб умидида сабр қилсалар, Саҳл ибн Ҳанзала дунё ва ундаги барча нарсадан кўра яхшироқ кўрган улкан савобларга эришар эканлар.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бирингизга меросхўрининг моли ўз молидан кўра суюклироқ?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда бирор киши йўқки, ўз моли меросхўрининг молидан суюклироқ бўлмаса», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Билиб қўйингларки, ичингизда ўз моли меросхўрининг молидан кўра маҳбуброқ одам йўқ. Сарфлаганинг ўзингнинг молинг, қолдирганинг эса меросхўрингникидир», дедилар».

Бунинг маъноси шуки, сенинг молинг – бу дунёда ўзинг сарф қилганинг, меросхўрингнинг моли эса сарфламай, жамлаб қўйганинг.

Яъни ота мол-дунё топади, ундан хайр-садақа қилса, ўз номидан қилинган эҳсон бўлади, бахиллик қилиб тўплаб юраверса, ўлганидан кейин меросхўрларига қолади.

Тириклигида, бу дунёда садақа қилинган мол банданинг ҳақиқий ўз моли бўлиб қолар экан, ўлганидан кейин меросхўрларига қоладиган мол эса ўша меросхўрга тегишли бўлади.

Демак, ҳаётлик пайтида садақа қилган моли киши учун маҳбуброқ бўлади. Шунинг учун банда тириклигида хайр-эҳсон, садақа каби ибодатларни кўпроқ қилиб қолишга ҳаракат қилиши керак экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рақуб ҳақида нима деб ўйлайсизлар?» дедилар.

«Рақуб – фарзанд кўрмайдиган одам», дейишди.

«Йўқ, рақуб – ўз фарзандларидан бирортасини тақдим қилмаган одам», дедилар».

Яъни норасида гўдаги вафот қилмаган одамдир.

Бу ҳадис ҳам юқоридаги ҳадис каби, фарзанди норасида гўдаклик чоғида вафот этган ёки ҳомиласи тушиб қолган ота-оналарни сабр қилишга ундовчи ҳадислардандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлар паҳлавон деб кимни айтасизлар?» дедилар.

«(Курашда) одамлар йиқита олмайдиган киши-да», дейишди.

«Йўқ, ғазаб чоғида ўзини қўлга ола билгангина ҳақиқий паҳлавондир», дедилар».

Ушбу ҳадиснинг бу бобга киритилишига сабаб шуки, унда ҳам мусибатга, жумладан, фарзанд доғига сабр қилиш маънолари бор.

Ана шундай оғир мусибатлар етганда сабр қилган одамни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «паҳлавон» деб сифатлаган эканлар.

Албатта, фарзанд доғи нафақат ҳар бир инсон, балки ҳайвонот учун ҳам оғир мусибатдир. Аммо ўша мусибат етганда мусибатзадалар ўзларини турлича тутадилар. Бошқача қилиб айтганда, фарзанд доғи мусибатига дучор бўлганда ҳар ким ўзини ҳар хил тутади.

Баъзилар вафот этган боласига уввос солиб йиғлайди, ўзини ҳар тарафга уради, ҳайкал қўяди ва ҳоказо, бошқа турли нарсаларни ихтиро қилади ва қилиб келмоқда.

Аммо бу борада Ислом жорий қилган одоб ўзининг мўътадиллиги, яхшилиги ва мақбуллиги ила собит турибди. Бу одобнинг асоси сабр билан Аллоҳ таолодан савоб умид қилишдан иборатдир.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳтарам жамоат Ислом дини инсоннинг тўғри йўлдан адашиб кетмаслиги учун ҳар бир ишда ўз кўрсатмаларини бериб боради. Шу жумладан, отаона ҳақларини фарзандлар давоми...

13070 10:56 / 05.10.2018
Агар ушбу инсоний муомалалар одоби бўйича комил амалий барномани маҳкам тутадиган бўлсак, дунё ва охиратда саодатга эришгаймиз. . Каъбдан ривоят давоми...

970 14:20 / 28.07.2025
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга етти нафар Аршнинг соясидан жой оладиган тоифа ҳақида гапирдилар. Улар орасида яширин садақа давоми...

3785 09:00 / 06.08.2021
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз .қулим, ёки .чўрим, демасин. Чунки ҳаммангиз Аллоҳнинг қулларисиз, аёлларингиз эса давоми...

2087 11:00 / 18.01.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021