1447 йил 19 зулқаъда | 2026 йил 06 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

РАМАЗОН ТАБРИГИ

18:41 / 23.04.2020 5664 pdf Ўқиш режими + -

Рамазон рўзасини тутишни бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Рамазон кечаларида қоим бўлишни бизларга суннат қилиб берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Азиз юртдошлар, муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Барчангизни кириб келган Рамазон ойи билан падари бузрукворимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги жомеъ масжид жамоаси номидан, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ҳамда Ислом.уз портали ижодий жамоаси номидан чин дилдан, самимий муборакбод этишга ижозат бергайсиз!

Аллоҳ таоло Исломнинг беш арконидан бири бўлмиш рўза ибодати учун хослаган бу ойни иймон-эътиқод билан, хулуси ният билан, ажру савоблардан умидвор бўлган ҳолда ўтказишни, бу ойда қилинган солиҳ амаллар учун ваъда қилинган беҳисоб улуғ мукофотларга ноил бўлишни барчамизга насиб айласин!

Рамазон ойи ҳар доим ҳам Ислом уммати учун, бутун башарият учун улуғ синов ҳисобланиши барчамизга маълум. Бироқ, бу йилги Рамазон яна бир жиддий синов даврида кириб келди. Бу ҳам Роббимизнинг чексиз ҳикмати ила, ҳар биримизга ўзига хос сарҳисоб учун, шукрона учун, тавба-истиғфор учун, тафаккур учун берилган ғанимат фурсат бўлди.

Аллоҳ таолонинг иродаси ила ҳар бир юртдошимиз ўзига хос эътикоф ҳолатида ўтирган бу синовли кунларда Рамазон ойини янада файзли, янада шукуҳли, янада унумли ўтказиш имкониятига эга бўлдик. Бу Рамазон ойини оила даврасида илмий-маърифий суҳбатлар уюштириб, китоб мутолаа қилиб, хатми Қуръонлар қилиб, илм олишимиз, кундалик намозларни ҳам, таровеҳ намозларини ҳам оила аъзоларимиз билан жамоат бўлиб ўқишимиз, кундузлари соим, кечалари қоим бўлишимиз ҳар қачонгидан кўра каттароқ ажрларга сазовор бўлади. Бу ойда, ота-оналаримизга, аҳлу аёлларимизга, фарзандларимизга гўзал исломий муносабатда бўлишимиз, қавм-қариндошлар, қўни-қўшниларга яхшилик қилишимиз, муҳтожларга баҳолиқудрат хайр-саховат кўрсатишимиз ҳар қачонгидан кўра улуғроқ ибодат ҳисобланади, иншааллоҳ. Хусусан, оилада эркагу аёлларимизнинг ҳақларини адо этишимиз, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўлишимиз, бир сўз билан айтганда, намунали мусулмон бўлишимиз чинакам исломий қадриятларимизни тиклаш, жамиятимизнинг асоси бўлган оилани мустаҳкамлаш, фарзандларимизни, келажак авлодни муносиб тарбиялаш йўлида қилинган буюк хизмат бўлади.

Азизлар, бундай ноёб фурсатларни ғанимат билайлик, тоат-ибодатни кучайтирайлик, охират захирасини қўлга киритайлик! Ҳар бир ибодатимиз асносида саҳву хатоларимиз учун, гуноҳларимиз учун Аллоҳ таолога астойдил тавба қилайлик, сидқидилдан дуо қилиб, юртимизга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик тилайлик! Роббимиздан бу синовлардан шараф билан ўтишни, бу офатдан тез кунларда фориғ бўлишни, яна масжидларни тўлдириб ибодат қилишни, ҳалол меҳнатга, тўлақонли ҳаётга қайтишни сўрайлик!

Аллоҳ таоло Рамазони шарифнинг баракотидан барча беморларга шифои комил берсин, барча эҳтиёжмандларнинг дардига малҳам бўлсин, дуоларимизни ижобат қилсин, сўраганимиздан афзалини берсин!

Барча юртдошларимизни, бутун дунё мусулмонларини Рамазони шариф билан яна бир бор муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу муборак ойни юртимиз учун, бутун дунё мусулмонлари учун тинчлик-хотиржамлик, тоат-ибодат, тақво ойи, Қуръон ойи қилсин, иймон ҳаловатини, ибодат лаззатини насиб қилсин!

Барчамизга аҳилликда, тинч-тотувликда яшашни, юртимизнинг, халқимизнинг, динимизнинг равнақи йўлида ҳамжиҳат бўлишни, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишни насиб этсин!


Рамазон муборак, азизлар!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жомеъ масжиди имом хатиби

«Ҳилол нашр» нашриёти ва Islom.uz портали раиси

Исмоилжон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
2015 йилда Мичиган штатидаги олтита шаҳардан тўрттаси мусулмонлардан иборат бўлган ва Америка тарихида илк маротаба шаҳар кенгашининг кўпчилик аъзолари мусулмон давоми...

2836 16:30 / 11.03.2021
Шу йил 23 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари давоми...

1548 11:32 / 24.10.2023
Гамбия президенти Адам Барроу Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келди. Бу ҳақда SPA ахборот агентлиги хабар берди. Президентни икки муқаддас масжид бош давоми...

1710 11:00 / 28.06.2021
Islom.uz портали мухлислари, 26 октябрь куникуни, шом намозидан сўнг .Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, жомеъ масжидида барчамиз учун бирдай азиз бўлган севимли давоми...

2214 20:26 / 23.10.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021