1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Фарзанд доимо ота-онага ширин сўзларни айтиши вожибдир (тўртинчи мақола)

19:02 / 14.08.2020 2366 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. «Нафақа қилган яхшилигингиз ота‑онага, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга ва йўқсил йўлчига бўлсин. Нимаики яхшилик қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир»,деб айт» (215‑оят).

Савол нимани нафақа қилиш ҳақида бўлган эди: «Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар».

Жавоб эса кимларга нафақа қилишни ҳам баён этяпти: «Нафақа қилган яхшилигингиз ота‑онага, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга ва йўқсил йўлчига бўлсин».

Демак, яхшилик нафақа қилинар экан. Араб тилида яхшиликка сарфланадиган молнинг ўзи ҳам яхшилик дейилади. Яхшиликка мол сарфлаш ҳам нафақа дейилади.

Қуръони Каримда хайр – яхшилик сўзи кўпинча мол-дунё маъносида ишлатилган. Бу жойда ҳам худди шу маънони англатмоқда.

Нафақага лойиқ инсонлар ичида ота‑она бекорга биринчи зикр қилинаётгани йўқ. Инсон табиати ўзи шуни тақозо қилади. Инсоннинг молига ўзидан кейинги биринчи ҳақдор шахс унинг ота‑онаси бўлади. Ота‑онасини муҳтож қўйиб, улардан бошқаларга нафақа қилишдан нима фойда бор? Шунингдек, яқин кишилар, қариндошлар ҳақдорлик жиҳатидан бошқалардан устунлар ва ҳоказо.

Нафақа қилиш худди шу тартибда бўлиши лозимлиги Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам зикр қилинган.

Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига:

«Садақа қилишни ўзингдан бошла, ортиб қолса, аҳлингга қил, агар аҳлингдан ҳам ортиб қолса, қариндошларингга қил, агар қариндошларингдан ҳам ортиб қолса, улардан бошқаларга ва ҳоказо», – деган эканлар.

Нафақа қилиш бандадан, унинг савобини бериш, тақдирлаш Аллоҳдан. Чунки

«Нимаики яхшилик қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир».

Ислом шариати қодир фарзандларни ожиз бўлган ота‑оналар ҳаққини кафолатга олишга ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам, кейинчалик қазоси вожиб бўлади.

Ота ўғлининг нафақаси учун унинг кўчар мулкини сотади, кўчмас мулкини сотмайди. Ўғлидаги бундан бошқа қарзи учун сотмайди.

Она ўз нафақаси учун ўғлининг мулкини сотмайди.

Агар ўғилнинг молини омонат сақлаб турган одам қозининг амрисиз уни ота‑онаси нафақасига сарфлаган бўлса, тўлаб беради.

Чунки бировнинг молини унинг изнисиз тасарруф қилиб бўлмайди. Қозининг умумий валийлиги бор бўлганлиги учун изн беришга ҳаққи бор.

Ота‑она унинг ўз ҳузурларидаги молини нафақага олсалар, тўлаб бермайдилар.

Чунки икковларининг нафақаси ўғилнинг зиммасидаги вожиб. Бинобарин, улар ўз ҳақларини олган бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йигитга: «Сен ҳам, молинг ҳам отангники», – деганлар.

Агар қози хотиннинг нафақасидан бошқага ҳукм чиқарган бўлса ва муддат ўтса, соқит бўлади.

Қози бир кишининг боласи, ота‑онаси ёки яқин қариндошларига маълум муддат нафақа бериб туриши ҳақида ҳукм чиқарган бўлса, ўша муддат ўтиши билан мазкур нафақани бериш тўхтайди.

(Давоми бор)

Учинчи мақола

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини оила мустаҳкамлигига катта эътибор қаратган. Чунки оила жамият асоси ва ҳаёт давомчиси бўлган фарзандлар камол топадиган тарбия масканидир. Шу маънода давоми...

2733 16:58 / 19.12.2023
Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади.Рукона Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Бас, Набий давоми...

2194 10:44 / 05.05.2020
Мебел савдоси билан шуғулланадиган усталардан ажабтовур қиссани эшитинг .Қиз чиқараётган оилалардан бири мебел сотиб олди ва уни ўрнатадиган жойимизни айтди. давоми...

10981 19:10 / 21.02.2025
Шу нарсани унутмаслик керакки, Исломда кишиларнинг никоҳда бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари афзал саналади. Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган амри ҳам шу бу дунёда давоми...

9585 21:01 / 16.10.2018
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021