1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ота‑онага вафотидан сўнг яхшилик қилиш (биринчи мақола)

11:00 / 19.11.2020 3718 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота‑онанинг фарзанддаги ҳақлари улуғ бўлганлигидан у уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этади. Бу ҳақларнинг бизларгача собит етиб келишига ота‑оналаридан ажраб қолган саҳобаи киромларнинг саволлари сабаб бўлган.

Ота‑онанинг фарзанддаги ҳақлари тўғрисида юқорида ўрганиб ўтилган диний таълимотлар ҳар бир виждони бор фарзандга қаттиқ таъсир қилиши муқаррар. Хусусан, фарзанд катта бўлиб, билими ва тажрибаси юқори савияга етганидан сўнг ота‑онага яхшилик қилишга астойдил киришади. Аммо, бу ҳақиқат юзага чиқиб, фарзанд ихлос билан ота‑онасига яхшилик қилишни ўрнига қўйиб, ўзидан хурсанд бўлиб турганида ота‑она вафот қилиб қолади. Сўнгра фарзанднинг афсус-надомати бошланади. Шундай ҳолатга тушган баъзи саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ота‑онага вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинми ёки йўқми экани тўғрисида саволлар берганлар.

عَنْ أَبِي أُسَيْدٍ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، هَلْ بَقِيَ مِنْ بِرِّ أَبَوَيَّ شَيْءٌ بَعْدَ مَوْتِهِمَا أَبَرُّهُمَا؟ قَالَ: نَعَمْ، خِصَالٌ أَرْبَعٌ: الدُّعَاءُ لَهُمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عَهْدِهِمَا، وَإِكْرَامُ صَدِيقِهِمَا، وَصِلَةُ الرَّحِمِ الَّتِي لَا رَحِمَ لَكَ إِلَّا مِنْ قِبَلِهِمَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ 

Абу Усайддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам:

«Ё Расулаллоҳ! Мен учун ота‑онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?» – деб сўради.

У зот: «Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш; Улар учун мағфират сўраш; Уларнинг аҳдига вафо қилиш; Уларнинг дўстларини ва сенга уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Аслида, вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Аммо, Аллоҳ таоло уммати Муҳаммад алайҳиссаломга раҳм кўрсатиб, уларга ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етишига ва уларнинг охиратдаги мақому даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.

Фарзанд ота‑онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота‑она вафот этганидан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.

1. Дуо қилиш.

Ота‑оналарнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб, дуо қилиш фарзанднинг ота‑онасига уларнинг вафотларидан кейин қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота‑онага бориб, уларнинг яхши амалларига қўшилиб туради. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади. 

عَنِ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ يَقُولُ: إِنَّ الرَّجُلَ لَيُرْفَعُ بِدُعَاءِ وَلَدِهِ بَعْدَهُ، وَقَالَ: بِيَدَيْهِ هَكَذَا، فَرَفَعَهُمَا  

Саъийд ибн Мусайябдан ривоят қилинади:

«У киши: «Албатта, киши ўзидан кейин боласининг қилган дуоси ила кўтарилади», – деди ва: «Мана бундай», – деб, икки қўлини кўтарди».

Саъийд ибн Мусайяб: «Бир одам ўлиб кетганидан кейин орқасидан фарзандининг қилган дуоси туфайли мартабаси мана бундай бўлиб кўтарилади», деб, икки қўлларини кўтариб кўрсатган эканлар. Яъни, бу ривоят вафотларидан кейин ҳам ота‑онага фарзанднинг қиладиган яхшилиги уларнинг ҳақларига дуо қилиши билан бўлишига мисолдир.

Фарзанд ота‑онасига, уларнинг вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилай, деган умидда бўлса, уларнинг ҳаққига дуо қилиб, мағфират сўраса, ана ўша иши яхшилик ҳисобланар экан. Фарзандларининг дуоси туфайли ота‑оналарнинг охиратдаги даражалари юқори мақомда бўлар экан.

(Давоми бор) 

«Бахтиёр оила» китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Роита бинти Муслимдан, у отасидан ривоят қилинади . . .о.Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Ҳунайн ғазотида иштирок этдим. У зот давоми...

3019 13:00 / 13.11.2019
Болалар орасида адолат қилиш ҳам отаонанинг вазифаси ва болаларнинг ҳаққидир.Ислом адолат динидир. У доимо барча нарсада, барча ерда, барча учун адолат бўлишининг давоми...

3598 11:00 / 20.08.2021
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида ҳижрий 1410 йил 15ndash22 Ражаб милодий 1990 йил, 10ndash17 февраль кунлари бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида давоми...

3308 10:05 / 26.10.2019
islom.uz middot 69 ndash Oтаонага итоатнинг чегарасиОтаонанинг итоати ҳақидаги биз юқорида ўрганиб ва эслаб ўтган таълимотлар, яна бошқа қўшимча маълумотларни баъзи давоми...

4781 10:00 / 28.09.2021
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021