1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Қабр сари яқинлашмоқдамиз!

11:00 / 18.02.2021 5236 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эркак, то тобутда кўтариб олиб кирилмагунча, намоз ўқиш учун масжидга кирмай юраверадими?!

Аёл, то кафанликка ўралмагунча, авратини беркитмай юраверадими?!

Йигит-қизлар, то никоҳ пайтида домла сўрамагунча, калимасини билмай юраверадими?!

Фарзандлар, то ота-она вафот этмагунларича, уларнинг қадрларига етмай, дуоларини олишга ҳаракат қилмай юраверадими?!

Баъзи мансабдорлар, то ишдан ҳайдалиб, бирор фалокатга йўлиқмагунча, порахўрлик, коррупция, ўғрилик, талон-тарож қилишда давом этаверадими?!

Одамлар, то бирор олим вафот этмагунча, унинг қадрига етмай, илмидан фойдаланмай юраверадими?!

Кўпчилигимиз, то ўлмагунимизча, тириклик, умрнинг қадрига етмай, уни солиҳ амаллар билан ўтказмай юраверамизми?!

Кўзимизни очайлик, умримизнинг ҳар дақиқаси ўтиб, биз ўлим, қабр сари яқинлашиб бораётганимизни унутмайлик!

Танадан чиқса, инсоннинг жунуб бўлишига, ғусл қилиши вожиб бўлишига сабаб бўладиган, қўлимиз билан ушлашга жирканадиган нутфадан яратилганмиз.

Бурнимиз ичида нима борлигини ҳаммамиз биламиз.

Қулоғимиз ичида сариқ рангли олтингугурт каби кирлар борлигини биламиз.

Қорнимиз ичидаги ичакларимизда нималар тўпланишини биламиз.

Ҳожатимиз қистаганда, ҳожатхонага боришга муҳтожмиз.

Нажосат либосимга сачрамасин деб эҳтиётини қиламиз.

Тозаланиш учун ҳожатхона қоғозига, илиқ сувга эҳтиёж сезамиз.

Таом есак, тишимиз орасидаги овқат қолдиғини тозалаш учун кичкина тиш тозалагичга эҳтиёж сезамиз.

Вафот этсак, қабрда танамиз чириб, қуртларга ем бўлиб, тупроққа айланамиз.

Шундай экан, нега кибрланамиз?! Нега кеккаямиз?! Бандалигимизни, қул эканимизни унутмайлик!

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди» (Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти).

Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ўз ривоятларини: «Кимнинг қалбида зарра миқдорича кибр бўлса, жаннатга кирмайди. Қалбида зарра миқдорича иймони бўлган банда дўзахга кирмайди», тарзида келтиришган.

Пулимиз кўп бўлса ҳам, машинамиз хорижники бўлса ҳам, уйларимиз қаср бўлса ҳам, Тошкентда, Дубайда савдо дўконларимиз бўлса ҳам, соатимиз, узугимиз, кийимимиз, поябзалимиз фалон долларлик бўлса ҳам, қуллигимизни, бир кун ўлишимизни, синов дунёсида яшаётганимизни эсдан чиқармайлик!

Машҳур бренднинг кийимларини бутиклардан сотиб олиб кийсак ҳам, дунёдаги сўнгги либосимиз кафандир.

Қиммат автомобилларда юрсак ҳам, дунёдаги сўнгги уловимиз тобутдир.

Қасрларда яшасак ҳам, дунёдаги сўнгги манзилимиз қабрдир.

Бу вақтинчалик дунёда тоат-ибодатни ўз вақтида қилайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо қавми уни мусулмон бўлишдан тўсиб турарди. Бу йўлда қаттиқ турганини билгач, қавми унинг давоми...

2000 13:27 / 18.12.2025
Яхлитни ноқис деб қабул қилиш уни кўрмасликдир. Саҳоба деганда нимани тушунамиз Қўлига қурол олиб куфрга қарши жанг қилган жасур одамнинг сиймосини тасаввур давоми...

2012 09:03 / 24.01.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазотидан қайтяптилар. Отларининг тизгини Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг қўлида. Узоқдан бир аёл кўринди. Булар давоми...

2098 14:06 / 18.01.2023
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Мадорижус соликин, номли китобида шундай келтиради .Йўлдан кетаётганимда бир ҳовлининг эшиги очилди. Ундан бир ёш болакай давоми...

2863 09:00 / 21.03.2023