1447 йил 19 зулқаъда | 2026 йил 06 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Ҳаргиз касодга учрамайдиган тижорат

11:03 / 04.06.2021 2631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَّن تَبُورَ

«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар» (Фотир сураси, 29-оят).

Учта тижорат зарар кўриш нималигини билмайди:

1. Қуръон қироати.

2. Намоз.

3. Инфоқ.

«Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар»

Яъни, бу оятда Аллоҳ таолонинг Ўз Китобида буюрганларига эргашиб, уни амалга оширадиганлар ва қайтарганларидан четда бўладиганлар, Қуръондаги хабарларни тасдиқ этадиганлар, Қуръоннинг ҳақлигига иймон келтирадиганлар, Қуръонни тиловат қиладиганлар, ўқиб-ўрганадиганлар, маъноларини тушунишга уринадиганлар ҳақида гап бормоқда. Қолаверса, «тиловат қиладиганлар» деб таржима қилинган сўз оятда الَّذِينَ يَتْلُونَ тарзида ҳозирги-келаси замон феълида келган. Бу эса тиловатнинг доимий, мунтазам равишда бўлиши кераклигига ишора қилади.

«Намозни тўкис адо этиб»

Аллоҳнинг Китобини тиловатидан сўнг намоз ҳақида сўз бормоқда. Оятга эътибор берсак, «намоз ўқиб» дейилмаган, балки «намозни тўкис адо этиб» дейилган. Демак, намоз ўқиш билан намозни тўкис адо этишнинг ўртасида фарқ бор. Намозни тўкис адо этмоқ дегани намозни қоим қилмоқ деганидир. Яъни биз адо этадиган намоз қоим намоз, тик турган намоз, рукнлари ўз ўрнига қўйилиб, хушуъ-хузуъ билан адо этилган намоз бўлиши керак. Шошилиб, рукнлари нуқсон билан бажарилиб, зикрлари чала айтилган намоз бўлиб қолмаслиги лозим. Зеро, намоз Диннинг устуни, мусулмонларнинг нури, мўминнинг меърожидир.

«Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар»

Яъни, Аллоҳ таоло ато этган молу дунёдан, озиқ-овқатдан, кийим-кечакдан қариндошларга, мискинларга, етимларга ва бошқаларга инфоқ, садақа бериш лозим. Бу садақа закот, каффорот, назр, фитр, фидя ва бошқа садақалар бўлиши мумкин. Буларни махфий тарзда ва ошкора тарзда, яъни доимий равишда бериш талаб этилади. Ана шундай амалларни адо этадиганлар

«ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар» яъни, у тижорат ҳаргиз касодга учрамайди, зиёнга кетмайди, бу энг улуғ, олий ва афзал тижоратдир. Бу Аллоҳ таолонинг розилиги, кўплаб савобларни қўлга киритиш, қаҳридан, иқобидан нажот топишдир. Чунки, мазкур амалларни бажарган мусулмонлар уларни Аллоҳнинг розилиги учун, ихлос билан адо этганлар, ўша амалларни бажариш орқали риё, кибр, обрўга эришиш каби ёмон мақсадларни, бузуқ ниятларни умид қилмаганлар.

Роббимизнинг Каломини доимий равишда ихлос билан тиловат қилиб, оятлари маъносини ўрганишга, намозларимизни тўкис адо этишга, пулимиздан инфоқ, садақа беришга интилайлик. Ана шунда, иншаа Аллоҳ, Аллоҳнинг фазлига, ризосига, мукофотига эришиб, азобидан нажот топамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

«Тафсийрус Саъдий» асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар сафар нимадир егинг, кийгинг келса, сотиб олаверасанмиСабрни қачон ўрганасанАллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Эй иймон давоми...

3436 13:30 / 22.07.2021
Ҳақиқатлар манбаи ваҳийдир.Аллоҳга исён қилган иблис қувилди. Унинг барча истаги оламлар Роббисининг қонунларига тескаридир. Қилмишлари эса исёндан давоми...

4218 12:00 / 25.08.2021
Ихлоснинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсадан халос бўлмоқ ndash қутулмоқдир.Ихлос ndash амални, гапсўзни ва ибодатни уларга хиралик етказадиган риё, давоми...

4548 09:00 / 25.09.2021
Ҳакимул уммат, Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий қуддиса сирруҳ шундай дер эдилар .Қалбга, бирон яхши амални қилиб олай, деган ўйфикр келиши сўфийлар истилоҳида .ворид, давоми...

1076 12:34 / 23.10.2025