1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ҳиммат қилайлик!

17:00 / 19.06.2022 3902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сиз пулингиз озлигидан, машинангиз оддийлигидан, уйингиз торлигидан шикоят қилаётган бўлсангиз, баъзиларда озгина пул, машина, уй бўлмаслиги мумкин.

Қўлингизда оз бўлса ҳам молу давлат бўла туриб, ношукрлик қилманг! "Йўқ, йўқ" деб шикоят қилманг! Фаришталар "омин" дейишса, ростдан ҳам йўқ бўлиб қолади. "Менда 100 минг сўм бўлса ҳам бор, 50 минг сўми борлар қанча. Ўшалар жим юрибди-ку, дод-вой қилмаяпти-ку" денг.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб мараҳамат қилган:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ۖ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», – деб эълон қилганини ҳам эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят)

Инсон борига шукр қилса, ўша борига яна қўшилиб, зиёда бўлади. Агар ношукрлик қилса, боридан ҳам айрилади ва азобга гирифтор бўлади.

Унутманг! Фақирлар фақат Рамазонда эмас, кейин ҳам топилади. Садақа қилингани учун савоб Рамазондан кейин ҳам берилади. Динимиздаги инфоқ, эҳсон, садақага бўлган тарғиб Рамазон ойидан кейин ҳам амалдадир.

Фақирга ёрдам қўлини чўзсак, фақирнинг ҳам, бизнинг ҳам Роббимиз бўлган Раззоқ бизга ёрдамини ато этади.

Садақа сўзи "тасдиқловчи" деганидир. Нимани тасдиқлайди? Сизнинг охиратга бўлган иймонингизни тасдиқлайди. Сизнинг "Мен бу фақирга 10 минг сўм беряпман. Аллоҳ насиб этса, бунинг савобини 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтирилган ҳолда охиратда оламан" деган ишончингиз, иймонингизни тасдиқлайди!

Азизлар, атрофимизга бир назар солайлик! Ён қўшнимиз нонушта, тушлик ва кечки овқатда нима еяпти? Биз каби таом еяптими ёки бир бурда нон, гўштсиз шўрва билан кун кечиряптими? Унинг ҳам дастурхони бизникига ўхшаб тўлиб турибдими ёки фақирона дастурхон атрофида ўтирибдими?

Қариндошларимиз орасида қийналганлар йўқмикин? Бундан хабаримиз борми ёки ишимиздан ортмай, кимнинг қандай шароитда яшаётганидан бехабармизми?

Савоблар кўпайтириб бериладиган ойдамиз. Келинг, озгина ҳиммат қилайлик! Ишонинг, ҳамёнингиздан кетган пул сизнинг бойлигингизни ҳеч қачон озайтирмайди. Аслида бойлигингизга бойлик қўшилишига сабаб бўладигани айнан ўша пулдир!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Садақа бериш туфайли банданинг моли асло камайиб қолмайди!" деганлар. Бу гапни ҳавои нафсидан сўзламайдиган, ҳар бир гапи Аллоҳнинг ваҳийси, кўрсатмаси билан бўладиган зот айтганлар.

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин! Садақаларимизни қабул айласин! Ҳимматимизга ҳиммат қўшсин! Қўшниларимиз ва қариндошларимиз, умуман, барча диндошларимиз бизнинг мурувватимиздан, саховатимиздан хурсанд бўлишсин! Ўзимиз эса охиратда улкан савоблардан шод бўлайлик!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кексаларни эъзозлашнинг боши отаонанинг ҳурматини жойига қўйишдан бошланади. Ҳар бир инсон ота ва онадан туғилади ҳамда уларнинг бағрида вояга етади. Фарзанд давоми...

8638 12:05 / 28.11.2019
Кексалар уйқуга ётадилар, аммо ухлолмайдилар. Овқатланадилар, бироқ ҳазм қила олмайдилар. Куладилар, лекин хурсанд бўла олмайдилар. Табассумлари ортида кўз давоми...

6114 14:49 / 01.02.2024
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир яхшилик садақадир,, дедилар,.Шарҳ Яхшилик, у қандай бўлмасин ndash каттами, кичикми, давоми...

3097 09:00 / 03.07.2021
. Ҳасандан ривоят қилинади .Бир одамнинг отаонаси бор. У тижоратга чиқадими, деб сўрашди. У .Агар ўшани қилмаслик имкони бўлса, чиқмасин,, деди,. Шарҳ Ўша давоми...

1915 11:30 / 11.11.2024
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021