1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Биродарига нотўғри маслаҳат бериш хиёнат

11:00 / 27.02.2023 2281 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мен айтмаган нарсани мени айтди деса, дўзахдан жойини олаверсин.

Кимга бир мусулмон биродари маслаҳат сўраб келса-ю, у нотўғри маслаҳат берса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади.

Ким аниқ билмай туриб нотўғри фатво берса, гуноҳи ана шу фатво берган одамга бўлади», дедилар».

Аллоҳ сақласин, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган» деса, дўзахий бўлиши аниқ экан. Бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани ҳадис деб гапиравермаслик керак. Ким ривоят қилганини аниқ, сўзма-сўз билса, қайси имом келтирганини билсагина айтиш мумкин. Бўлмаса, ҳадисда бор экан, ҳадисда келган экан, мана бу ҳам ҳадис экан, деявериш мутлақо мумкин эмас.

«Ҳадис ва ҳаёт» силсиламизнинг бошида ҳам катта уламоларнинг «Ким рухсат олмай, ровийларини билмай туриб ҳадис айтса, ётқизиб уриб, орқасини қонатиш керак», деган гаплари келтирилган.

Бунинг ҳикмати ҳозирги кунимизда яққол намоён бўлиб турибди – одамлар ўртасида ихтилоф чиқиб, жамиятни ташвишга солган нарса айнан шариатда йўқ нарсаларни шариатдан деб гапирадиганларнинг кўплиги сабабидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапларни «айтди» дейиш жуда оғир гуноҳдир.

Ҳадис илмининг ўз одоблари бор. Ҳадисни ривоят қилаётган одам ровийларни, имомлардан қайсилари бу ҳадисни ўз китобларида келтирганини, ҳадиснинг маъносини ва бошқаларни яхши билиши керак.

Бизда эса, афсуски, ундай бўлмади. На ровийнинг, на ривоят қилган имомнинг исми, на қайси бобда келгани аниқ бўламаган нарса ҳадис деб  ёзиб ташланаверди. Бу эса ҳадис илмига алоқаси йўқ одамларнинг улуғ ишга аралашганларининг оқибатидир. Натижада «шариатда бор экан», «ҳадис экан» деб дуч келган гапни айтавериш оддий ҳол бўлиб қолди.

Шахсан ўзимга ҳам ана шундай гаплардан бири айтилди. Бир киши катта бир жамоанинг ўртасида микрофонда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мажлиснинг бошида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам Қуръон ўқинглар», деганлар», дебди.

Бундай мисоллар ҳаётимизда ниҳоятда кўп учрайди. Мўмин-мусулмон одам гуноҳ саналмиш бундай ишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Биродарига қасддан нотўғри маслаҳат бериш ҳам хиёнат экан. Хиёнатнинг қанчалик оғир гуноҳлигини эса яхши биламиз.

Нотўғри фатво бериш ҳам оғир гуноҳлардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Фатво беришга журъатлироғингиз жаҳаннамга тушишга журъатлироғингиздир», деганлар.

Бу ҳам жуда оғир нарса. Охирига етмай, собит бўлмай туриб, тагига етмай туриб, нотўғри фатво бериш жаҳаннамга етаклайдиган катта гуноҳдир.

Ҳадиси шарифда айтилганидек, ким бу нотўғри фатвога амал қилса, унга узр бор, чунки у киши билмагани учун бошқалардан сўраган, сўнг «шариатнинг ҳукми шу экан» деб, эшитганига амал қилиб кетаверган. Бунинг гуноҳи нотўғри фатво берган одамга бўлади.

Аллоҳ сақласин, бу ҳолат, яъни оғзига келган гапни айтиб, фатво бериб юборавериш ҳам бугунги кунимизда жуда кенг тарқалган бўлиб бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа эмизикли аёлни тўйиб эмиши ила у аёл боланинг онасига, эри отасига, фарзандлари акаукаси ва опасингилларига давоми...

1734 13:33 / 20.04.2025
60. Миқдом ибн Маъдийкарибдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим.Албатта, Аллоҳ сизга оналарингизга яхшилик давоми...

3756 11:40 / 09.03.2019
Отаонанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг давоми...

2149 14:34 / 24.05.2024
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади . ,..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир,, давоми...

2952 11:55 / 19.10.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021