1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

«Наботот илмининг отаси» номи билан аталган олим

14:44 / 22.12.2022 1903 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон уламолар тарихда биринчи бўлиб, набототларга таъсир ўтказиб, ўзларига керак бўлган ранг ва моддаларни уларга киритиш йўлларини ишлаб чиқдилар.
Мусулмонлар ичидан етишиб чиққан дунёга донғи кетган олимлардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғофиқийдир. Бу олим наботот оламига бағишланган китобида набототларнинг исмини араб, лотин ва барбар тилларида келтирган. Милодий 1160 санада вафот этган. Ғарб олимларидан Макс Майрхуруф бу олимга баҳо бериб, энг машҳур наботот илми олимларидан бири, деб атайди.
Бу соҳада яна машҳур мусулмон олимларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Ибн Байтор раҳматуллоҳи алайҳдир. Олим «Ал-Жомеъ фил адвиятил муфрада» номли китобида ўсимликлардан тайёрланадиган дориларнинг бир минг тўрт юзта турини васф қилган. Шулардан тўрт юзтасини Ибн Байтордан олдин ҳеч ким тилга олмаган экан. 
Ибн Байтор экинзорларда ўсиб, ҳосилга зарар етказадиган ўсимликларни биринчи бўлиб ўрганган набототшуносдир. У Мисрда набототшуносларнинг раиси ҳам бўлган.
Ибн Байтор ўсимликларни ўрганиб Юнонистонгача борган. Унинг «Ал-муғний фил адвиятил муфрада» номли китоби ҳам бор. Овруполиклар уни «наботот илмининг отаси» деб атайдилар. 
Ўн биринчи милодий асрда яшаб ўтган Ибн Бассол Тулайтилий раҳматуллоҳи алайҳ эса Андалус мусулмон давлатининг Тулайтила (ҳозирги Испаниянинг Толедо) вилоятида ҳокимларнинг улкан боғларини бошқарган. 
Олим кўчатларнинг янги турларини ҳосил қилиш ва зироатга етадиган офатларга қарши курашиш билан шуҳрат топган. Унинг «Ал-филоҳа» номли китоби бу фикрнинг тасдиғидир. 
Олим бу машҳур китобида турли сувлар, ерлар ва набототларнинг хусусиятларини ва уларга етадиган офатларни муолажа қилиш услубларини ажойиб илмий йўл билан баён этган.
Улуғ олим Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Авом ал-Ишбилий раҳматуллоҳи алайҳи  Андалус Ислом давлатининг Ишбилия (Севиля) вилоятида милодий ўн иккинчи асрда яшаб ўтган. У «Ал-филоҳа» номли китобида наботот илмига оид кўплаб илмий баҳсларни баён этган. Бу китоб милодий 1802 санада шарқшунос роҳиб Иосиф Антонио Бонкирри томонидан испан тилидаги таржимаси билан нашр этилган.
Ҳозирги кунда Испания, Франция, Италия, Португалия, Юнонистон каби жанубий Оврупо давлатларида ўсаётган хурмо, зайтун ва бошқа дарахту ўсимликларнинг ўша юртларда қандай пайдо бўлганини бир ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарсалар бошқа илм ва тараққиёт воситалари қатори Оврупога унинг жанубида саккиз аср ҳукм сурган Андалус Ислом давлатидаги мусулмонлар ҳаракати ила кириб келган. 
Мусулмонлар машриқ томондан ва шимолий Африкадан Жанубий Оврупога юқорида зикр этилган хурмо ва зайтундан бошқа пахта, шоли, шакарқамиш, заъфарон каби кўплаб набототларни олиб келиб, ўша ер табиатига мослаштириб ўстирганлар.
Мусулмонлар ўсимликларни суғориш учун сув олиб келиш, бу соҳада сувни илмий равишда ишлатиш борасида ҳам пешқадам ҳисобланадилар. Мусулмон ўлкаларни қўйиб турайлигу ҳозирги Испаниядаги сув чиқариш каналлари ва бошқа шунга оид осори-атиқалар ҳам мусулмонларнинг қанчалик тараққиётга эришганларининг далилидир. Ҳаттоки баъзи минтақаларда ҳозир ҳам мусулмонлар қурган иншоотлардан суғориш ишларида фойдаланилмоқда. 
Набототшунослик бўйича мусулмонлар эришган ютуқлардан франциялик ва швецариялик инсонлар ҳам баҳраманд бўлганлар. Жанубий Франциянинг ҳозирги кундаги энг муҳим маҳсулотларидан бўлмиш қора буғдой мусулмонларнинг уларга қилган ҳадясидир. Айнан мусулмонлар қора буғдойнинг уруғини биринчи бўлиб жанубий Францияга келтириб экканлар. 
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исо алайҳисалом туғилган йилларда Фаластин Рим империяси таъсири остида эди. Яҳудийлар турли мазҳабларга бўлиниб кетишган, диний масалалар даромад воситасига давоми...

16754 15:04 / 03.09.2020
Тарихчи ва адиба Бэтани Хьюгс шундай дейди.Қадимги юнон файласуфи Арастунинг китоблари университет таълимида муҳим ўрин тутди, чунки Арасту оқилона изоҳ, соғлом давоми...

1638 14:46 / 15.01.2024
Халифа Маъмуннинг вақтига келиб мусулмон оламида юнон китобларини, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат давоми...

2768 09:53 / 13.02.2024
Мусулмон давлатида яшаётган иймонлиИсломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда давоми...

3030 17:00 / 13.05.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021