1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Танловлар

Дуодаман

11:42 / 22.05.2023 1660 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуодаман

Саҳар чоғи жола тўкдим, тилаб висол,

Йиғлаб-йиғлаб нола билан зиёдаман.

Бутун вужуд титрар, гўё таним беҳол,

Роббим томон қўлим очиб дуодаман.

 

Кўз-ёшларим тинмайди ҳеч, қалб ёнажак,

Қачон дийдор булоғидан дил қонажак?

Қандай етай Сенга айтгин эй, Ойжамол,

Ё Раб томон қўлим очиб дуодаман.

 

Сўраганим бергувчисан ўзинг Аллоҳ,

Қодирликда қодир Сенсан буюк илоҳ.

Ёлвораман, ишқим Сенда ол, олақол,

Аллоҳ томон қўлим очиб дуодаман.

 

Ҳуфтон бўлди, жолам тугаб саҳродаман,

Нолам чиқмай томоқ қуриб қаҳродаман.

Ҳамон лаббим пичирлайди, кўрганлар лол,

Ўзинг томон қўлим очиб дуодаман.

 

Илтижо

Пойига бош қўйганимсан,

Дардлар бериб суйганимсан.

Ишқида минг куйганимсан.

Бедор тунлар қилсам оҳим,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим.

 

Яралдимки дилимдасан,

Дилим бирла тилимдасан.

Ўнгу, сўлим йўлимдасан.

Бедор тунлар қилсам оҳим,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим.

 

Раҳмлисан, меҳрибоним,

Измингдадир ҳар бир оним.

Тўкилиб бу хаста жоним.

Бедор тунлар қилсам оҳим,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим.

 

Сен томондан келса хабар,

Бу дунёдан ўтсам агар.

Турсам унда, бўлса Махшар.

Шодиянгни тингла оҳин,

Ёлғизгинам ўт гуноҳим.

 

Севдим

 

Бандангнимас Ё Раб Сени,

Ўзлигимдан кечиб севдим.

Авфу айла, кечир мени,

Ишқ майидан ичиб севдим!

 

Такрор олиб сўзларимга,

Йиғлаб босиб юзларимга.

Суртиб-суртиб кўзларимга,

Қуръонингни қучиб севдим!

 

Ибодатда дилларимни,

Бийрон қилиб тилларимни.

Дуога жуфт қўлларимни,

Жойнамозда очиб севдим!

 

Хирс кўчада ликиллаган,

Хасад, кибр сакиллаган.

Мол-дунёга ҳакиллаган,

Шум нафсимни бичиб севдим!

 

Шафоатинг сўраб ҳар кун,

Ёшим ювган дилим махзун.

Нур жамолинг кўрмоқ учун,

Каъбанг томон шошиб севдим!

 

Кўзларда ёш, киприклар нам,

Ишқ майини ичиб севдим!

Ё Раб Сени Ўзимдан ҳам,

Кеча-кундуз кечиб севдим!

 

Рамазон

Нафсимиз қилса нени,

Ғафлатда бўлдик ҳазон.

Соғиниб кеттик сени,

Хуш келибсан Рамазон!

 

Раҳматларга тўлган ой,

Қуръон нозил бўлган ой.

Нафсларимиз ўлган ой,

Хуш келибсан Рамазон!

 

Саҳарларинг ғанимат,

Ифторликларинг неъмат.

Ҳар бир сониянг ҳикмат,

Хуш келибсан Рамазон!

 

Шафқат бўлиб келган ой,

Ҳикмат бўлиб келган ой.

Савоб, ажрларга бой,

Хуш келибсан Рамазон!

 

Кишанланар шайтонлар,

Тавба қилинг ёмонлар.

Руҳни покланг инсонлар,

Хуш келибсан Рамазон!

 

Сенда Қадр кеча бор,

Сенда сабр кеча бор.

Ажри аср кеча бор,

Хуш келибсан Рамазон!

 

Мўмининг давлатисан,

Солиҳнинг савлатисан.

Руҳимнинг жаннатисан,

Хуш келибсан Рамазон!

 

Қосимова Шодияхон Саидғофур қизи

Эслатма: Сиз ҳам «Ислом.уз-1444» танловида қатнашмоқчимисиз? Унда қуйидаги https://islom.uz/maqola/19769 ҳавола орқали мусобақа шартлари билан танишинг ва танловда иштирок этинг!

Ушбу шеър Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аҳнаф шарафдан қочар, лекин шараф унинг ортидан қувлар эди,. Холид ибн Сафвон. Тўлиқ исми ва таваллуди Аҳнаф ибн Қайс ибн Муовия ибн Ҳусайн ибн Ҳафс ибн Убода ибн давоми...

3195 10:57 / 24.05.2023
Ҳанафий мазҳабига оид мавзуда иштирокчиларимиз томонидан islomuztanlovbot манзилига келиб тушаётган мақолаларАҳли ҳадис ва раъй соҳиблари ўртасидаги ихтилофларучинчи давоми...

1797 14:00 / 11.10.2021
Бизни иймон нури билан ризқлантирган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб хамду санолар бўлсин Роббимиздан гўзал хулқ ва одобларни қабул қилган, умматларга давоми...

2499 13:28 / 19.01.2023
Маълумки, Islom.uz портали .МАЗҲАБЛАР mdash БИРЛИК РАМЗИ, шиори остида танлов эълон қилган.3чорак mdash шофеъий мазҳабига оид мавзуда бўлиб, иштирокчилар томонидан давоми...

2860 09:30 / 18.03.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021