1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазилатлари (тўққизинчи мақола)

16:06 / 10.05.2024 1762 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир», дедилар.

Сўнгра эса қуйидаги ривоятда келадиган дуони қилдилар.

عَنْ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اللَّهُمَّ اسْتَجِبْ لِسَعْدٍ إِذَا دَعَاكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим! Қачон Саъд Сенга дуо қилса, қабул айлагин!» дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини ижобатсиз қўймайди. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққос ҳақларидаги бу дуоларини ҳам қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг қиличлари, найзалари ва ўқлари каби дуолари ҳам ўткир бўлди. У киши қачон дуо қилсалар, Аллоҳ таоло дуоларини қабул қиладиган бўлди.

Бу ҳақда келган кўплаб ривоятлардан бирини келтириш билан кифояланамиз.

Омир ибн Саъддан қуйидагилар ривоят қилинади:

«Саъд Али, Толҳа ва Зубайрни сўкаётган бир одамни кўрди ва уни бу ишдан қайтарди. У қайтмади. Шунда у:

«Ундай бўлса, сени дуоибад қиламан!» деди.

«Ўзингни худди Набийдек тутиб, мени таҳдид қиласан-а!» деди ҳалиги киши.

Саъд бориб, таҳорат қилди. Икки ракъат намоз ўқиди ва:

«Аллоҳим! Агар мана шу одамнинг Сен томондан яхшилик ироданг кетган кишиларни сўкканини билган бўлсанг, уларни сўккани Сенинг ғазабингни қўзиган бўлса, уни бир белги ва ибрат қилгин!» деб дуо қилди.

Озгина вақт ўтмай туриб, ҳовлилардан биридан бир туя қочди. Уни ҳеч нарса тўса олмади. У одамлар тўпини ёриб кирди. У бир нарсани қидираётганга ўхшар эди. Сўнгра ҳалиги одамни оёқлари остига олиб, депсай бошлади. Уни ўлгунича тепкилади».

Бу ривоятдан кўплаб ибратлар оламиз. Жумладан, Саъд ибн Абу Ваққоснинг дуолари қабул эканлиги ва Али, Зубайр ва Толҳа розияллоҳу анҳумнинг Аллоҳ таолога муқарраб бандалар эканликларини билиб оламиз.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида мусулмон лашкарининг биринчи сафида туриб, мардонавор жанг қилдилар.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд тоғига кўтарилдилар. У зот билан бирга Абу Бакр, Умар ва Усмон бор эди. Тоғ давоми...

5075 10:40 / 25.06.2021
Саҳобалар учун энг муҳим мақсад Аллоҳнинг динига хизмат қилиш, Унинг ризосига эришиш эдиУмар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни давоми...

3870 15:07 / 10.12.2021
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

4107 15:00 / 18.01.2022
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларЁЛҒОНЧИ ПАЙҒАМБАРЛАРГА ҚАРШИ 19қисмРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

5475 16:54 / 20.04.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021