1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Сир

16:35 / 16.09.2024 9229 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Басрада бир масжидга кирсам, одамлар масжидга пешинда кириб, хуфтондан кейин чиқишяпти. Қарасам, улар пешинни ўқиб, асргача, асрни ўқиб, шомгача, шомни ўқиб, хуфтонгача дуо қилишяпти. Улардан: «Сизларга нима бўлган?» деб сўрасам: «Қурғоқчилик бўляпти, ёмғир ёғмаяпти, қаҳатчилик бошланди. Шунинг учун ёмғир сўраб, дуо қиляпмиз» дейишди ва шу кўйи яна хуфтондан кейин чиқиб кетишди. Лекин ҳамон ёмғирдан дарак йўқ, осмонда бир парча булут ҳам кўринмас эди. Дуолари ижобат бўлмади, деган гап кўнглимдан ўтди. Менинг эса борадиган жойим йўқ эди, кечаси тунаш учун ўша масжидда қолдим. Бир чеккада тафаккур қилиб, хаёл суриб ўтирсам, эшик ғичирлаб очилиб, қоп-қора бир одам кириб келди. Ўзи пакана бурни пачоқ, қорни катта, устида икки бўлак матоси бор, холос. Жуда ночорлиги шундоққина ташидан билиниб турарди. У келди-да, у ёқ-буёққа қаради, масжидда ҳеч ким йўқ эди, мени ҳам кўрмади. Кейин қисқа қилиб икки ракат намоз ўқиди, кейин яна атрофга қараб, масжидда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, икки қўлини кўтариб дуо қила бошлади: «Эй Роббим, бандаларингга одоб бериш учун улардан ёмғирни тўсиб қўйдинг. Эй улуғ Роббим, ёмғир бер!..»

У дуо қилиб, қўлини пастга туширмасиданоқ осмонда булутлар пайдо бўлиб, шаррос ёмғир қуйиб юборди. У эса масжиддан чиқиб кетди. Мен унинг орқасидан эргашдим. У кўча оралаб юриб, бир эшикка кириб кетди. Уйни эслаб қолай деб, белги қўйиш учун ердан бир кесак олдим ва ҳалиги уйнинг деворига, эшигига белги қўйиб, қайтиб кетдим. Эртасига тонг отгандан кейин ўша уйни излаб бордим. Ўзим қўйган белгига қараб, уйни топдим. Қарасам, бир қулфурушнинг уйи экан. Кирдим-да, у одамга «Мен қул олмоқчиман, қулларингни кўрсат», дедим. У ҳамма қулларини кўрсатди, лекин уларнинг орасида кечаги одам йўқ эди. Мен ноумид бўлиб, ташқарига чиқсам, қулфурушни эшиги ёнида бир кичик чайла бор экан. Ичида одам бордек кўринди. Қулфурушдан сўрадим:

– «Бу ким?»

– «Нима қиласан уни? Сенга фойдаси тегмайди, энг қийматсиз қулим бу, бировга нафи йўқ, кучи йўқ, қўлидан бирон иш ҳам келмайди. Қўй, уни олма, мана, бақувват қулларим бор», деди.

Мен:

– «Йўқ, мен мана шуни оламан», дедим. Ўзи ҳам безор бўлган экан, арзимаган пулга берди. Қарасам, ўша одам. Уни уйга олиб бордим. У менга қараб, «Хожам, мени нима учун сотиб олдинг? Мендан куч-қувват истасанг, мендан кучли қуллар бор эди. Қўлимдан бирор иш келишини кутсанг, ҳеч иш келмайди. Нима учун айнан мени олдинг?» деди. Мен унга кечаги воқеани айтиб бердим. «Мен кўрдим, сен дуо қилдинг, қўлинг пастга тушмай туриб, дуойинг ижобат бўлди», дедим. У бўлса: «Балки адашаётгандирсан?», деди.

– «Йўқ, ўша сенсан!» дедим, қатъият билан. Охири у менга қараб, «Таниб қолган экансан-да?» деди. «Ҳа, танидим», дедим.

– «Аниқми, ишончинг комилми?»

– «Ишончим комил», дедим. Шу пайт у бошини эгиб, узоқ сажда қилди. Саждада мунча узоқ турди деб, энгашиб, қулоқ солсам, у яна дуо қиляпти:

– «Эй сирлар соҳиби бўлган Зот, сир зоҳир бўлди, энди менинг яшашга иштиёқим йўқ», деяётган экан. Бироз ўтмай, у сажда қилган ҳолида жон таслим қилди».

Ҳайҳот!

Унинг сири нима эди?! Бизнинг сир нима?!

Одамлар наздида қийматсиз, Аллоҳнинг наздида эса қадри баланд қора қул қай даражада мухлис ва муҳсин экан?! Бу даражани топгунча Аллоҳга қанчалик боғланди экан?!

Биз ҳозирги ҳолимизга кўра Аллоҳга қанчалик боғланган эканмиз?!!

Аллоҳим, ҳолимизни ислоҳ қил!

Икром Шариф

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 3 август 03-07/4702-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исиғфор арабча сўз бўлиб, она тилимизга таржима қилганда Aллоҳдан гуноҳларни кечиришини сўраш деган маънони билдиради. Aстағфируллоҳ дегани Aллоҳдан гуноҳларимни давоми...

3252 19:00 / 05.07.2022
Уйимизда телевизор бўлгани сабаб, китоб мутолаасини ва илм олишни эсдан чиқардик. Уйимизда эшигимиз тагигача такси ёки ўзимизни машинамиз бўлгани сабаб пиёда давоми...

2859 17:00 / 15.06.2022
Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади .Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайрсадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни хато давоми...

2237 10:44 / 12.08.2024
Гуноҳлар бандани Аллоҳдан тўсадиган пардадир. Аллоҳдан узоқлаштирадиган барча нарсадан узоқлашиш шарт Бу эса илм гуноҳ Аллоҳдан узоқлашишга сабаб бўлишини давоми...

3755 11:00 / 08.04.2022