1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Яҳудий ва Авф ибн Молик қиссаси

13:01 / 26.12.2024 3429 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида аҳли китоблардан бири:

«Эй мўминларнинг амири! Мўминлардан бири мени ўзинг кўриб турган ҳолга солди», деди. У калтакланган, боши ёрилган ҳолда эди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланди ва Суҳайб розияллоҳу анҳуга:

«Бор, қара-чи, бунинг соҳиби ким экан?» деди.

Суҳайб розияллоҳу анҳу бориб қараса, у Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу экан.

Суҳайб унга: «Мўминларнинг амири сендан қаттиқ ғазабланди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига бор, у зот билан гаплашсин. Умар шошилиб, сени бир нарса қилиб қўядими, деган хавфдаман», деди.

Умар намозни ўқиб бўлиб:

«Суҳайб қани?! У одамни келтирдингми?!» деди.

«Ҳа», деди Суҳайб.

Авф Муознинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берган эди, бас, Муоз ўрнидан туриб:

«Эй мўминларнинг амири! У Авф ибн Молик экан. Унинг гапини эшитиб кўринг. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйманг», деди. Умар унга:

«Сенинг бу билан нима ишинг бор?!» деди.

«Эй мўминларнинг амири, қарасам, бу бир муслима аёлнинг эшагини етаклаб кетаётган экан. Эшак сакраб, аёлни йиқитиб юборай дебди. Лекин аёл йиқилмабди. Манави бўлса, уни туртиб йиқитиб, ўзини аёлнинг устига отди», деди Авф.

Умар унга:

«Менга аёлни олиб кел, айтганингни тасдиқласин», деди.

Авф аёлнинг олдига борди. Аёлнинг отаси билан эри:

«Нима қилиб қўйдинг?! Бизнинг соҳибамизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар.

Бироқ аёл: «Аллоҳга қасамки, у билан бораман!» деди.

Отаси билан эри:

«Биз бориб, сенинг номингдан гапирамиз», дедилар ва Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Авф айтган гапларга ўхшаш гап айтдилар.

Бас, Умар амр қилди. Яҳудий осилди.

Сўнгра Умар:

«Биз сизлар билан бунга сулҳ қилганимиз йўқ. Эй одамлар! Муҳаммаднинг зиммаси ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Улардан ким бу ишни қилса, унга зимма йўқ!» деди.

Сувайд: «Ўша мен кўрган яҳудий Исломда биринчи осилган одам эди», деди».

Бу ҳодисада Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сиёсат ёки ташвиқот учун эмас, балки адолат учун иш олиб боришлари яққол намоён бўлмоқда. Мазкур яҳудий қилар ишни қилиб қўйиб, маккорлигини ишга солган эди. У: «Мусулмонларнинг халифаси келиб турибди, ҳозир сиёсат нозик пайтда унга арз қилсам, сиёсат учун менинг тарафимни олади», деб ўйлаган эди.

Дарҳақиқат, иш аввалига, сиртдан қараганда яҳудий ўйлаганича бошланди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта саҳобий Авф ибн Молик розияллоҳу анҳунинг обрўсига эътибор қилмай, ишнинг ҳақиқатини суриштира бошладилар. У кишидан бошқа одам бўлганида бир яҳудийни деб, ўзимизнинг обрўли одамни хижолат қилмайлик, деган мулоҳазага бориши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг табиатларида ва у киши кўрган тарбияда бундай мулоҳаза бўлиши мумкин эмас эди.

У кишидан бошқа одам бўлганида сиёсат учун, ноҳақдан бўлса ҳам уларнинг ёнини олиши мумкин эди. Аммо ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай қилишлари мумкин эмас эди. У киши айб­дор ким бўлишидан қатъи назар, унинг айбига яраша жазосини бериш тарбиясини олганлар. Ва шундай қилдилар ҳам.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 0307/7030-сонли тавсияси билан чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга .Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ давоми...

1761 16:06 / 10.05.2024
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилгани келдилар. Ҳали Макка фатҳ этилмаган эди. Қурайшликлар у зотни Байтуллоҳни зиёрат қилишдан тўсди. Бир қанча давоми...

2616 15:49 / 12.11.2025
Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек, бошқа исломий ишларда ҳам биринчилардан бўлиш у кишига насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн давоми...

2035 16:59 / 21.11.2023
Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик байтуллоҳга ҳаж қилгани келди. У ҳарамга киргач деди Менга саҳобалардан бирор кишини чақирингларУнга .саҳобалар ўтиб кетган, дейишди. давоми...

4106 15:00 / 18.01.2022
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021