1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳасан ибн Алийга байъат қилиниши

10:26 / 30.12.2024 2142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бомдод намозига чиқаётганларида, хорижийлардан бўлган Абдурраҳмон ибн Мулжам Муродий деган одам у кишини заҳарланган қилич билан жароҳатлади. Бу мудҳиш ҳодиса ҳижрий 40 йил Рамазон ойининг ўн саккизинчи кунида, милодий 660 йилда содир бўлди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уч кундан кейин вафот этдилар. У зотнинг халифаликлари тўрт йилу тўққиз ой давом этди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин одамлар у кишининг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилишди. У киши 6 ой давомида халифалик қилдилар. Ана шу олти ой мобайнида имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ўз асҳобларининг нотавонликларини, умматни бирлаштириш зарурлигини сездилар ва сулҳни афзал кўрдилар. Халифаликдан воз кечиб, Муовияга «Сиз халифа бўлаверинг» деган маънода гап айтдилар. Бу воқеа ҳижрий 40 йил рабиъул аввал ойида, милодий 661 йилда бўлиб ўтди. Ислом уммати бир халифа раҳбарлиги остида қайта бирлашган ушбу йил «Жамоат йили» деган номни олди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари билан рошид халифалик ҳам барҳам топган, энди Аллоҳ таолонинг йўлида тўлиқ юриш ҳам ниҳоясига етган эди.

Мана шу ердан аста-секин нотўғри ҳолатга бурилиш бошланди.

Рошид халифалар давридаги энг муҳим ҳодисалар:

– ҳижрий 11 йилда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар.

– ҳижрий 12 йилда Ридда урушлари бўлди.

– ҳижрий 13 йилда Ярмук жанги бўлди.

– жумодус соний ойида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар.

– ҳижрий 14 йилда Дамашқ фатҳ бўлди.

– ҳижрий 15 йилда Қодисия жанги бўлди.

– ҳижрий 16–19 йилларда Форс ерлари фатҳ қилинди.

– ҳижрий 20 йилда Миср фатҳ қилинди.

– ҳижрий 21 йилда Наҳованд жанги бўлди.

– ҳижрий 22–23 йилларда Хуросон фатҳ қилинди.

– зулҳижжа ойида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

– ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар.

– ҳижрий 27 йилда Тароблус фатҳ қилинди.

– ҳижрий 28 йилда Кипр фатҳ қилинди.

– ҳижрий 31 йилда Зотус-саворий жанги бўлиб ўтди.

– ҳижрий 32 йилда Хуросон қайта фатҳ қилинди.

– ҳижрий 36 йил зулҳижжа ойида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

– ҳазрати Алий ибн Абу Толиб халифа бўлдилар.

– туя жанги бўлди.

– ҳижрий 37 йилда Сиффин жанги бўлиб, ҳакамлик ишга тушди.

– ҳижрий 38 йилда Наҳравон жанги бўлди.

– ҳижрий 40 йил Рамазон ойида Алий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

Шу билан рошид халифалик даври ниҳоясига етди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 14 мартдаги 03-07/1733-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли, дейдилар. Чунки тарих кишининг асл илдизидирки, ўзининг келиб чиқишини яхши билмаган инсон эртанги кунига қандай ғоя, қандай давоми...

6700 16:31 / 24.01.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Тамим қабиласига олти нафар амир тайинлаган эдилар. Улар ndash Зибриқон ибн Бадр, Қайс ибн Осим, Сафвон ибн Сафвон, Сабра давоми...

2756 09:25 / 19.02.2024
халифалик даври ҳижрий 227232, милодий 842847 йил Ҳорун ибн Муҳаммад Муътасим халифаликни ҳижрий 227 йилда отаси Муътасимдан кейин эгаллади. Унинг даврида аҳамиятга давоми...

504 11:24 / 16 февраль
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар халифаси, уларнинг бош раҳбари сифатида олиб борган фаолиятлари намозга ўтиш, узоқдан туриб шимол тарафда кетаётган давоми...

1762 10:58 / 25.05.2024
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021