1447 йил 18 зулқаъда | 2026 йил 05 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Суннатдан далил

17:09 / 14.01.2025 1994 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Муслим, Абу Довуд ва Молик видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сизлар уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансиз. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».

Муовия Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳаққи бор?» дедим.

«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзига урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлади», деди.

«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот».

Икки шайх ривоят қилишган.

Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.

Ақлга солиб кўрилганда ҳам, аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади-да!

Унинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.

Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдир:

1. Таом.

Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган нарсалар (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча нарсалар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.

2. Кийим.

Етарли даражада, бир сидра кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва шофеъий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади», дейилган.

3. Маскан.

Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти савиясида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган бўлиши шарт. Унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.

4. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.

5. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

Агар эр моли бўла туриб, нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.

10. «Улардан асоингни кўтарма ва уларни Аллоҳдан қўрқишга чақириб тургин».

Яъни аҳли аёлинг сенинг ҳайбатингни доимо сезиб турсин. Улардан содир бўладиган ҳар бир ношаръий ишни эътиборсиз қўймаслигингни унутмасинлар.

Сен уларни доимий равишда Аллоҳ таолога тақво қилишга чақириб тур. Бу ишда жуда кўп яхшиликлар бор.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савбондан ривоят қилинади.Икки киши ўзаро уришиб қолиб, уч кундан ортиқ гаплашмай юрса ва улардан бирига ўлим етсаю, улар ўша ҳолатда бўлсалар, иккови ҳам давоми...

2979 19:05 / 13.12.2019
. ,. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Роббнинг розилиги отаонанинг розилигидадир. Роббнинг давоми...

3843 17:05 / 07.01.2020
Сиз пулингиз озлигидан, машинангиз оддийлигидан, уйингиз торлигидан шикоят қилаётган бўлсангиз, баъзиларда озгина пул, машина, уй бўлмаслиги мумкин. Қўлингизда давоми...

3903 17:00 / 19.06.2022
. ,.Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари орасида .Аллоҳим Мен сендан у дунёда ёмон одамга қўшни бўлишдан паноҳ давоми...

3023 15:59 / 25.10.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021