1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Жаннатга киришга сабаб бўладиган енгил амал

09:46 / 26.03.2025 1970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки хислат бор. Қайси бир мусулмон банда уни доим бажариб юрса, жаннатга киради, дедилар. Улар енгил, аммо унга амал қиладиганлар оз. Биринчиси, ҳар бир намоз сўнгида ўн марта «субҳаналлоҳ», ўн марта  «алҳамду лиллаҳ», ўн марта «Аллоҳу акбар», дейиш. Бу бир кунда тилда 150 та, мезонда бўлса, 1500 тадир. Иккинчиси, тўшакка кирганда, (ухлашдан олдин) ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар», ўттиз уч марта «алҳамду лиллаҳ» ўттиз уч марта «субҳаналлоҳ, деса, тилида 100 та, мезонда эса, 1000 та бўлади», дедилар.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни уни қўллари билан таъкидлаганларини кўрдим. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, нима учун енгил бўлса ҳам, уни бажарадиганлар оз?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ухлашни хоҳлаган пайтда шайтон келиб, мана шу калималарни айтишдан олдин ухлатиб қўяди. Намоз ўқиб бўлганидан кейин ҳам шайтон келиб, мана шу калималарни айтишидан олдин унга бир зарур ишни эслатади», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоятлари.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи 4545-ҳадис шарҳида «Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбеҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта» дейилганда беш вақт намоз кўзда тутилган.
Бу ерда намоздан кейин ва ухлашдан олдин тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтишнинг яна бир услуби ҳақида сўз кетмоқда. Уйқуга кетишдан олдин ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбеҳ айтиб ётишга амал қилиб борилса, катта хайр, баракага эга бўлинади.
Бизда намоздан кейин айтиладиган тасбеҳ, ҳамд ва такбирда бошқа ҳадиси шарифга амал қилиб келинмоқда.
Имом Муслим ва Термизийлар Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Намоз) ортидан келувчиларни айтувчилар ёки қилувчилар ноумид бўлмаслар. Ҳар бир намоз ортидан ўттиз учта тасбеҳ, ўттиз учта ҳамд ва ўттиз тўртта такбир», дедилар».
Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳар бир намоз ортидан ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамду лиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар»ни зикр қилиш кейинги ривоятларда келадиган зикрлар ила уйғунлашиб, татбиққа кирган.
Имом Муслимнинг ривоятида:
«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» деса, ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлиши – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дейилган.
Имом Муслимнинг ривоятига аввал ёки охирида «Оятал Курсий»ни қўшиб ўқишни сўфийлар жорий қилганлар. Бу сўфийлар хатми деб номланади. Бу нур устига нур дейилади, чунки «Оятал Курсий» Куръони Каримдаги энг улуғ оятдир. Ушбу хатмни қилиш бизда ҳам жорий бўлиб келаётган нарсадир.

Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Таржимон Анвар Аҳмад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Субҳаналлоҳи, вал ҳамду лиллаҳи, ва лаа илааҳа иллаллоҳу давоми...

1436 05:43 / 19.10.2025
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар сизлардан бирингиз таомга чақирилса, унга жавоб берсин. Агар рўзадор давоми...

841 04:24 / 14.08.2025
Ҳар биримиз гуноҳларимизнинг ўчирилиши учун ҳар қандай оғир ишни қилишга ҳам тайёрмиз. Аммо бунинг жуда осон йўли бор экан. Ўша йўлни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

1115 04:46 / 18.09.2025
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга овқат тановул қилгани ўтирсак, у зот қўлларини давоми...

1079 04:15 / 06.08.2025
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021