1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ражо

20:27 / 16.07.2017 5659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида «ражо» сўзи умидсизликнинг тескариси, «умидворлик» маъносини англатади. Фақат ражода умидга хавф ҳам аралашган бўлади.

Уламолар ражони қуйидагича таърифлаганлар:

Роғиб: «Сурур бағишловчи нарсанинг ҳосил бўлишини тақозо қилувчи ишонч ражодир», деган.

Муновий: «Ражо бир сабабни тақдим қилгандан кейин ундан келадиган манфаатни кутишдир», деган.

Абдулкарим Қушайрий: «Ражо қалбнинг келажак маҳбубга боғланишидир», деган.

Бир қавлда: «Ражо Аллоҳ таолонинг фазли-карамидан умидвор бўлишдир», дейилган.

Арабларда бир нарсани орзу қилиб, ортидан дангаса бўлиш ва жиддий ҳаракат қилмасликка «таманний» дейилади. Ражо эса бунинг тескарисидир. Унда бир нарсадан умидвор бўлгани учун унга эришиш йўлида жидду жаҳд қилинади.

Ражо ҳақида келган оятлардан намуналар:

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида...

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳнинг «муддат»и келувчидир. У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (5-оят).

Фотир сурасидаги қуйидаги ояти карима ҳам Аллоҳ таолонинг беқиёс марҳаматидандир. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларининг холисона қилаётган ибодатларини, амалларини «ҳаргиз касодга учрамайдиган тижорат» деб баҳоламоқда: 

«Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар» (29-оят).

Зумар сурасидаги қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло ражога – умидворликка ҳақдор бандаларини шундай таърифлайди:

«Ёки у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Роббининг раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (9-оят).

Ражо ҳақида келган ҳадислардан намуналар: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозидан сўнг Билолга:

«Эй Билол, менга ўзингнинг Исломда қилган манфаатли ишларингдан энг умидлисини айтиб бер. Бу кеча жаннатда, олдимда сенинг кавушингнинг шитир-шитирини эшитдим», дедилар. 

Шунда Билол:

«Исломда қилган манфаатли ишларимдан энг умидлиси кечасими, кундузими, қай соатда таҳорат қилсам, албатта, ўша таҳоратим билан Аллоҳ менга фарз қилган намозни ўқиганимдан бошқа нарса эмас», деди». 

Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.

Бухорийнинг лафзида:

«жаннатда, олдимда сенинг кавушингнинг дупурини эшитдим», дейилган.

Абу Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг чоғида Билолни чақирдилар ва унга:

«Эй Билол, нима ила мендан олдин жаннатга кирдинг? Қачон жаннатга кирсам, албатта олдимда сенинг шитир-шитирингни эшитаман. Бу кеча ҳам жаннатга кирдим ва олдимда сенинг шитир-шитирингни эшитдим. Сўнг бир олтиндан бўлган тўртбурчак ва баланд қасрга келдим:

«Бу қаср кимники?» дедим.

«Бир араб одамники», дедилар.

«Мен арабман. Бу қаср кимники?» дедим.

«Қурайшлик бир одамники», дедилар.

«Мен қурайшликман. Бу қаср кимники?» дедим.

«Муҳаммаднинг умматидан бир одамники», дедилар.

«Мен Муҳаммадман. Бу қаср кимники?» дедим.

«Умар ибн Хаттобники», дедилар. 

Шунда Билол:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Қачон азон айтсам, албатта, икки ракъат намоз ўқидим. Қачон таҳоратим кетса, албатта ўша вақтнинг ўзида таҳорат қилдим ва менинг зиммамда Аллоҳ учун икки ракъат намоз бор деб билдим», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўша икки нарса билан экан», дедилар».

Термизий ривоят қилган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматни кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. 

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уфайр номли эшакда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига мингашиб борар эдим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй Муъоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нима-ю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. 

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», дедим. 

«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ азза ва жалладаги ҳаққи эса ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, ўшани азобламаслигидир», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим. 

«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга «Албатта, раҳматим ғазабимдан илгаридир», деб ёзди», дедилар». 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал давоми...

4785 22:05 / 09.04.2018
Зикр қилувчининг ўзига яраша одоблари мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикрнинг қабул ва ижобат бўлишидан умид қилинади.1. Аллоҳ таолодан давоми...

5965 22:20 / 11.11.2017
Араб тилида паст овозга далолат қилиш учун .васваса, сўзи ишлатилади. Арабларда .нафси васваса қилди, деган ибора ҳам бор.Васвасанинг яна бир маъноси давоми...

6523 17:26 / 08.07.2017
Ҳақиқий тойй яқинлаштириш дунё масофасини охиратни ўзингдан кўра яқинроқ кўришинг учун ўзингга яқинлаштиришингдир.ndash .Тойй, сўзи луғатда .яқинлаштириш, буклаш, давоми...

4205 20:42 / 16.08.2017
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151256 14:35 / 11.08.2021