1447 йил 17 зулқаъда | 2026 йил 04 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабилаларга ўзларини таништиришлари

16:01 / 02.01.2018 4924 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исро ва Меърождан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ўзларини очиқ-ойдин таништиришни бошладилар. 

Бунинг учун энг қулай фурсат ҳаж мавсуми эди. Ҳажга атроф-жавонибдаги қабилалар ҳар йили гуруҳ-гуруҳ бўлиб келар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одам кўп тўпланадиган жойларга бориб, уларни Исломга чақирар, Қуръони Каримдан тиловат қилиб берар эдилар. У зот:

«Эй Бану фулон! Мен сизларга Аллоҳнинг Расулиман. Сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, У зотга бирор нарсани шерик қилмасликка амр қилинганман. У зотдан бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизни тарк қилишга чақираман. У зотга иймон келтиринг! Мени душманлардан ҳимоя қилинг. Токи У зот юборган нарсани баён қилиб берай», дер эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзларини тугатишлари билан Абу Лаҳаб ўрнидан туриб:

«Эй Бану фулон! Албатта, манави сизларни Лот ва Уззони ва сизларга ошно бўлган жинларни бўйинларингиздан отиб ташлашга даъват қилмоқда. Ўзи келтирган бидъат ва залолатга чақирмоқда. Унга итоат қилманглар. Унга қулоқ османглар», дер эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларини ҳеч ким қабул қилмаса ҳам, ана шундай ҳолда давом эттирар эдилар.

Пайғамбарлик келганига ўн бир йил тўлди. Яна ҳаж мавсуми келди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўзларини қабилаларга таништира бошладилар.

 

Ясрибликлар билан учрашув

 

У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясрибда истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бўлган бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан: Асъад ибн Зарора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳлардан иборат эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан:

«Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар.

«Хазражликлармиз», дейишди.

«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар. 

«Хўп», деб, ўтиришди. 

У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар. Қуръони Каримдан тиловат қилиб бердилар ва Исломга чақирдилар. 

Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга кириш тайёргарлиги бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Яҳудийлар аҳли китоб бўлганлари учун кўп нарсаларни билар эдилар. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга:

«Бизнинг пайғамбаримизнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашамиз ва сизларни Од ва Ирамга ўхшатиб, қатл қиламиз», дер эдилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қараб:

«Билдингизми?! Бу яҳудийлар васф қиладиган пайғамбарнинг худди ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дедилар.

Уларнинг барчалари иймонга келдилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. У қавм каби адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд, Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб, уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват қиламиз. Уларга сиздан қабул қилган динни арз қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан иззатли одам бўлмайди», дедилар.

Сўнгра келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб, қайтиб кетишди. Ўша йили мазкур гуруҳ ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
747. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Осия исмини ўзгартирдилар, .Сен Жамиласан, дедилар,. Муслим ривоят давоми...

1347 19:00 / 19.09.2025
269. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир,. Ибн Можа, давоми...

4161 19:00 / 02.09.2023
Расулуллоҳ давриларидаги ғазот ва сарийяларБиз Исломдаги ғазот ва сарийяларга алоҳида бир назар ташлаб чиқишимиз лозим. Бу масалада тўғри англашимиз зарур давоми...

16942 20:07 / 28.04.2017
169. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бадр воқеасидан сал олдинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фадакий чопонни солиб, эшакка миндилар. давоми...

5757 13:30 / 20.04.2019
Аудиолар

232718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар